Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москвада Ғалаба паради: қор остида танкларсиз
Путин ўз нутқида бу сафар Ғарб билан қарама-қаршилик ҳақида кўп гапирмади. Иккинчи жаҳон уруши вақтида советлар дастлабки уч йил давомида нацистларга қарши ёлғиз курашганини айтди, аммо дарҳол иттифоқчиларнинг хизматини ҳам эътироф этди.
Москвада 2024 йилги Ғалаба паради бир йил олдингидан ҳам камтарроқ ўтди. Иштирок этган ҳарбий техникалар сони бўйича замонавий Россия тарихидаги антирекорд қайд этилди.
Маросим иштирокчилари учун об-ҳаво ҳам ноқулайлик туғдирди — Москвада сўнгги йилларда илк марта 9 май куни қор ёғди. Сўнгги бор бунақа совуқ май 1999 йилда кузатилганди. Қор фақат парад охирига келиб тинди.
Парадда тўққиз мингдан ортиқ киши қатнашди. Бу бир йил олдингидан кўпроқ, аммо 2022 йилдагидан камроқ, ўшанда парадда 11 минг киши иштирок этганди.
Бу парадда илк бор Украинадаги урушдан келган ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.
Пайшанба куни Қизил майдондан 61 та зирҳли техника олиб ўтилди. Бу ҳам бир йил олдингидан анча кам, ўшанда парадга 125 та турли машиналар жалб этилганди.
Бундан ташқари, осмонда 15 та жанговар самолётлар учиб ўтди - бу ҳам сўнгги парадлардаги энг кам сонли авиация гуруҳи бўлди. Тўғри, баъзида авиация парвози об-ҳаво туфайли бекор қилинган, аммо бу сафар парад бошидаёқ кучли қор ёғганига қарамай, бундай қилинмади.
«Глобал тўқнашувга йўл қўймаслик»
Парад бошланиши арафасида анъанага кўра Россия президенти Владимир Путин чиқиш қилди. Олдинги икки йилда бўлгани каби у нафақат Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба ҳақида, балки Россиянинг Украинага қарши уруши ҳамда Ғарб билан қарама-қаршилик тўғрисида ҳам гапирди. Аммо бу сафар ғарбга қарши риторика камроқ эди.
Путин ғарбга «ҳаддан ташқари амбициялар», «нацизмнинг ҳозирги издошларини оқлашга интилиш» ва «уруш ҳақидаги ҳақиқатларни бузиб кўрсатишга уриниш» бўйича эътирозларини билдирган.
Кейин у «Россия глобал тўқнашувнинг олдини олиш учун барча ишни қилиши»ни айтган.
«Аммо шу билан бирга бизга таҳдид қилишларига йўл қўймаймиз. Бизнинг стратегик кучларимиз доимо жанговар шай ҳолатда», — дея қўшимча қилган Путин.
Россия президенти «вермахтнинг ҳарбий қудрати» учун деярли бутун Европа ишлаганини айтган, аммо дарҳол иккинчи фронтнинг хизматларини ҳам тан олган.
«Ғарбдагилар Иккинчи жаҳон уруши сабоқларини унутишни исташади. Аммо биз инсоният тарихи Мурманскдан Кавказ ва Қримгача ҳудудларда кечган улкан жангларда ҳал бўлганини ёдда тутамиз. Улуғ Ватан урушининг дастлабки уч йилида СССР амалда нацистлар билан ёлғиз жанг қилган. Шу билан бирга Россия ҳеч қачон иккинчи фронтнинг ва иттифоқчилар ёрдами аҳамиятини пасайтирмаган. Биз коалиция жангчилари жасорати, қаршилик ҳаракати иштирокчилари, Хитой халқи мардлигини ёд этамиз. Биз ҳеч қачон иттифоқчиликнинг илҳомлантирувчи анъаналарини унутмаймиз», деган у.
«Россия ҳозирда мураккаб, муҳим паллаларни бошдан кечирмоқда», — дея давом этган Путин. Ўтган йили бу фикр анча драматик янграганди: «Бугун цивилизация яна ҳал қилувчи, бурилиш палласида турибди, бизнинг ватанимизга қарши яна ҳақиқий уруш очилди».
Путин яна бир бор «махсус ҳарбий амалиёт» (у урушни шундай деб номлайди) иштирокчиларини қаҳрамонлар деб атаган. У бутун Россия улар учун таъзимда экани, Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари эса улар учун қайғуришини таъкидлаган.

Бир дақиқа сукут сақлаш олдидан Путин «неонацистларнинг варварларча теракти» ҳақида қисқача тўхталиб ўтди, кейин эса мамлакат «Россиянинг хавфсиз келажаги»га эришиш учун «асрий анъаналар»га таянган ҳолда олдинга юришини эълон қилди.
«Мардона қуролли кучларимизга шарафлар бўлсин! Россия учун! Ғалаба учун. Ура!» — дея якунлади у ўз чиқишини. Шундан кейин Қизил майдон бўйлаб парад расчётлари ўта бошлади.
2022 йил 24 февралида Украинага қарши Путин томонидан бошланган урушда юз минглаб кишилар ҳалок бўлди.
Қўққисдан учиб келган авиация
Олдинги йилларда расман ёмон об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинган авиация қисми бу йил қисқартирилган шаклда бўлса ҳам ўтказилди.
Парад бошланганида қор ёғаётганди, аммо унинг охирига келиб тинди ва Қизил майдон узра «Стрижи» ва «Витязи» гуруҳларининг тўққизта қирувчи самолёти, шунингдек Су-25 русумли олтита штурмовик осмонда Россия байроғи рангларини ҳосил қилган ҳолда учиб ўтди.
Бу анча кутилмаган ҳол бўлди - аввалги йилларда авиация қисми об-ҳаво анча яхши бўлганига қарамай бекор қилинганди. Чунки самолётлар Қизил майдон устидан учиб ўтишидан олдин анча олдинроқ тўпланиши ва сафланиши талаб этилади.
Авиация учиши парадда катта самолётлар иштирок этмагани туфайли бекор қилинмаган бўлиши ҳам мумкин - ҳаво қисми ҳам анча камтар ўтди - қирувчилар эса анча мураккаб шароитда учиш тажрибасига эга бўлган учувчилар томонидан бошқарилади.
СССР парчаланганидан кейинги даврда энг кам сонли ҳарбий техникалардан фойдаланилган парад 2008 йилда кузатилганди. Ўшанда қуруқликда 111 та техника олиб ўтилганн, ҳавода 32 самолёт ва вертолётлар парвоз қилганди.
«Армата»ларсиз
Бир йил олдин бўлгани каби, параддаги ягона танк Иккинчи жаҳон уруши даврига мансуб Т-34 танки бўлди. У техникалар колоннасига йўлбошчилик қилди.
Унинг ортидан БТР-82А, «Тигр» зирҳли транспортёрлари, «ВПК-Урал» зирҳли машиналари, «Линза» санитар зирҳли машиналари, «Тайфун-К» зирҳли автомобиллари, «Искандер» оператив-тактик ракета комплекслари, С-400 зенит комплекслари, «Ярс» қитъалараро баллистик ракеталари олиб ўтилган. Энг охирги бўлиб «Бумеранг» русумли учта оғир пиёдалар жанговар машиналари ўтган.
2015 йилдан буён Қизил майдондаги 9 май парадларида анъанавий равишда истиқболли жанговар техникалар — Т-14 ва «Армата» оиласига мансуб Т-15 пиёдалар жанговар машинаси, «Курганец» пиёдалар жанговар машинаси, «Коалиция» ўзиюрар артиллерия қурилмаси, «Бумеранг» ғилдиракли БМП олиб ўтилган.
Қизил майдонда қаторасига иккинчи йилда бу техникалардан фақат «Бумеранг» намойиш этилмоқда.
Украинадаги урушга қадар «Бумеранг»лар пропаганда томонидан Россия армиясининг уйғониши рамзи сифатида тақдим этиларди, лекин уларнинг ҳеч бири серияли ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмади.
Парадларда қўшинлар ихтиёрига берилган ва Украинадаги урушда ҳам иштирок эта бошланган янги техникалар ҳам намойиш этилмоқда, аммо одатда булар фақат «Тайфун» ва «Тигр» каби енгил зирҳли машиналар бўлмоқда.
Россия раҳбарияти парадларда янги ишланмалар кўрсатилмаётганига изоҳ бермаган. Бунга қисман ноқулай саволлардан қочиш истаги сабаб бўлиши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда ва ҳарбий блогларда уруш бошланганидан буён кўп бор фронтда Россия ҳарбий саноат комплексининг янги ишланмалари йўқлигига эътибор қаратилган.
Тўғри, Россия матбуотида Украинада Т-14 танклари қўллангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, аммо бу тўғри бўлса ҳам, гап фақат синовлар ҳақида бўлиши мумкин, улар қўшинларга оммавий етказиб берилмаган.
Парадда эски танклар, хусусан Т-72, Т-80 ва Т-90 танкларининг модернизация қилинган версиялари кўриниш бермаётгани турлича изоҳланади, кўплаб шарҳловчилар буни Россияга фронтда зирҳли техникалар етишмаётгани билан боғлашади.
Буни исботлаш қийин, чунки Россия зирҳли техникалари сони ва бу борадаги йўқотишлари, шунингдек уларнинг ишлаб чиқарилиши ва таъмирланиб сафга қайтарилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмайди. Аммо анча эскирган машиналар, жумладан Т-62 ва БМП-1 кабилар фронтда ҳаракат қилаётгани ҳам бевосита янги танклар ва бошқа техникалар етишмовчилигини кўрсатади.