Ўзбекистон | 11:01 / 11.05.2024
21383
1 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда Дамас 1-синф ўқувчисини босиб кетди

Видеоёзув тасвирларида кўринишича, пиёдалар йўлагини кесиб ўтаётган ўқувчини уриб юборган Дамас уни бир неча метр узоқликка судраб борган. Ўқувчи шифохонада вафот этган. Ҳайдовчининг айби тасдиқланса у 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши лозим.

Фото: Видеодан кадр

Шаҳрисабзда Дамас уриб юбориб, сўнг судраб кетган ўқувчи ҳалок бўлди. Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 19 апрел куни содир бўлган.

Ҳайдовчи К.М. Дамас машинаси билан 4К-307 “Шаҳрисабз-Мираки” автомобил йўлида ҳаракатланиб бориб, Шаҳрисабз шаҳар Фусункор кўчасида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган ўқувчини уриб юборган.

Оқибатда ўқувчи оғир тан жароҳатлари олган ва шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, дейилади хабарда.

Хабарда Дамас ҳайдовчисига нисбатан қандай эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида маълумот берилмаган.

Жиноят кодексининг 266-моддаси иккинчи қисмига кўра Транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид