Ўзбекистон | 15:35 / 12.05.2024
8511
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Хитойда учта муассаса тажрибасини ўрганиб қайтди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги делегацияси Хитойнинг Шанхай шаҳрига ташриф давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнайдиган учта муассаса тажрибасини ўрганди.

Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева бу ҳақда ўз саҳифасида ёзиб қолдирган постида ушбу муассасаларнинг ютуқлари ҳақида айтиб ўтган

Маълум қилинишича, Шанхай Болалар тиббиёт маркази педиатрия, болалар жарроҳлиги ва ногирон болаларни реабилитация қилиш бўйича эришган ютуқлари билан ажралиб туради, Улицяо мавзесидаги Вояга етмаган болаларни ҳимоя қилиш маркази эса қийин вазиятларга тушиб қолган болаларнинг ҳаётини яхшилаш учун курашади ва оилаларини қўллаб-қувватлаш устида иш олиб борилмоқда.

Шанхай реабилитация ускуналари кўргазма маркази ногиронлар ва кексалар учун уларни реабилитация қилиш ва соғлиғини сақлашга қаратилган кенг турдаги ёрдамчи ускуналарни тақдим этади. Ушбу марказ имконияти чекланган одамлар ҳаёт сифатини яхшилайдиган воситалардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишида муҳим рол ўйнайди. 

«Бу каби муассасаларнинг тажрибаларини ўрганиш орқали адолатли ва инклюзив жамият қура олишимизга ишончимиз комил», деган агентлик директори биринчи ўринбосари.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги шу каби муассасалар билан ҳамкорликни давом эттириши ва бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кўпайтириши таъкидланган.

Мавзуга оид