Жамият | 13:39 / 13.05.2024
28107
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда BYD ҳайдовчиси ЙПХ инспекторини уриб юборди

Чилонзор туманида ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган, ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлмаган 2002 йилда туғилган фуқаро инспектор устига машинани ҳайдаб, уни уриб юборди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Чилонзор туманида BYD машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Жорий йилнинг 12 май куни тахминан соат 19:20 ларда Чилонзор туманига хизматга жалб қилинган ЙПХ инспектори Ҳумоюн Шарипов ўз хизмат вазифасини ўтаётган вақтида Лутфий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган BYD русумли автомобилга ҳуштак ва жезл ёрдамида тўхташ ишорасини берган. 

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, ҳайдовчи - 2002 йилда туғилган О.А. (ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд эмас) ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттириб, 150-200 метр ўтиб ортга қайрилиб олган вақтида, ЙПХ инспектори қайта тўхташ ишорасини бериб, автомашиналар ҳаракатини тўлиқ тўхтатган. 

О.А. ИИО ходимининг қонуний талабларини қасддан бажармаган ҳолда, ЙПХ инспектори устига машинасини ҳайдаб, уни уриб юборган. Натижада, ЙПХ инспектори Ҳ.Шарипов “иккала сон суяги синиши” ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 266-моддаси 1-қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Маълум қилинишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид