Жаҳон | 07:56 / 14.05.2024
1899
4 дақиқада ўқилади

Украина ТИВ раҳбари Белградда Сербия президенти билан учрашди

Дмитрий Кулеба Сербия бош вазири, парламент спикери ва ташқи ишлар вазири учрашувлар ўтказди. Сербия президенти Александр Вучич Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленскаяни ҳам қабул қилди.

Фото: Andrej Isakovic/AFP/Getty Images

13 май, душанба куни Сербияга келган Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Белградда Сербия давлатининг юқори лавозимли расмийлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Сербия президенти Александр Вучич билан музокаралардан сўнг Кулеба ижтимоий тармоқда унга «яқин келажакда Украина-Сербия бизнес-форумини ўтказишга, шунингдек, 2022 йил март ойидан бери илк бор Сербиянинг Украинадаги элчихонаси фаолиятини қайта тиклашга розилик бергани учун миннатдорчилик билдирди».

Кулеба ва Вучич Украина ва Сербиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш истиқболлари ҳақида ҳам гапирди. «Бирлашган Европа лойиҳаси Шарқий Европа ва Ғарбий Болқон қўшилиши билангина якунланади», — деб ёзди Кулеба ижтимоий тармоқда.

Украина ТИВ раҳбари: «Парламент ҳамкорлигини мустаҳкамлашга келишиб олдик»

Шу куни Дмитрий Кулеба ва Сербия парламенти – Халқ ассамблеяси спикери Ана Брабич ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Кулебанинг сўзларига кўра, томонлар Украина ва Сербия ўртасидаги парламент ҳамкорлигини мустаҳкамлашга келишиб олган. Украина вазири Сербия парламентига «Қрим платформасининг парламент ўлчовида иштирок этгани учун», шунингдек, шахсан Ана Брабичга Россиянинг Украинага тўлиқ ҳужумидан кейинги дастлабки икки йил давомида Сербия бош вазири сифатида Украинага гуманитар ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирди.

Аввалроқ Дмитрий Кулеба Сербиянинг амалдаги бош вазири Милош Вучевич билан учрашиб, у билан «ўзаро савдони кенгайтириш ва уни урушдан олдинги даражага қайтариш йўллари»ни муҳокама қилган эди. «Биз Украина-Сербия ҳукуматлараро савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик комиссиясининг 2013 йилдан бери биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олдик», — деб ёзди Кулеба ижтимоий тармоқда. 

Бундан ташқари, Украина ТИВ раҳбари сербиялик ҳамкасби Марко Журич билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилди. Кулебанинг сўзларига кўра, «вазир Журич Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирди». 

Сербия бош вазири Кулеба билан учрашгандан сўнг Украинани қўллаб-қувватлашини билдирди 

Сербия бош вазири Милош Вучевич Дмитрий Кулеба билан учрашувдан сўнг ўз идораси томонидан эълон қилинган баёнотда «Сербия халқаро ҳуқуқ ва БМТга аъзо барча давлатларнинг, шу жумладан Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тарафдори», деди. Сербия Украина билан «барча масалаларда ва барча даражаларда дўстона музокаралар учун очиқ», - дея Reuters Вучевичнинг баёнотидан иқтибос келтиради. 

Сербия президенти Елена Зеленскаяни ҳам қабул қилди 

Ўз навбатида, Кулеба билан бирга Белградга келган Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленская Сербия президенти рафиқаси Тамара Вучич ташаббуси билан ташкил этилган руҳий саломатлик бўйича анжуманда иштирок этди. Зеленскаянинг сўзларига кўра, украиналикларнинг 77 фоизи уруш туфайли руҳий стрессни бошдан кечирмоқда. 

Шундан сўнг уни Сербия президенти Александр Вучич ҳам қабул қилди. «Биз ҳозир менинг саёҳатимни тўлдирган маданий ҳамкорлик лойиҳаларини, инсонпарварлик ёрдамини муҳокама қилдик – буларнинг барчаси Украинага урушдан омон қолишга ёрдам беради», — деб ёзди Зеленская Instagram саҳифасида. 

Украина ташқи ишлар вазирининг Европада Россия Федерациясига яқинлиги учун танқид қилинган Сербияга ташрифи Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумидан кейин биринчи марта ва Сербиянинг янги ҳукумати тузилганидан кейин бир ярим ҳафта ўтгач содир бўлди. Сербия Европа Иттифоқига номзод, аммо Россия билан чамбарчас боғлиқ. Белград, БМТ доирасида Россиянинг Украинага қарши урушини қоралади. Шу билан бирга, Сербия Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлар сабабли Россияга қарши санкциялар жорий этишдан бош тортган ягона Европа давлатидир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид