Путиннинг Хитойга ташрифи. У деярли барча йирик амалдорларини ўзи билан олиб келди
Путин навбатдаги муддатга президентликка киришганидан кейинги илк хорижий сафарини Хитойга амалга оширди. У Си Жинпинг билан ҳаммадан кўп – 40 мартадан ортиқ учрашган.
Россия раҳбари Владимир Путин «қадрдон дўсти» Си Жинпингнинг меҳмони бўлди. У навбатдаги президентликка киришганидан кейин ўзгарган ҳукуматидаги деярли барча асосий амалдорлар билан бирга ташриф буюрган.
Путин ва Си Жинпинг пайшанба тонгида музокаралар ўтказди, бу икки ярим соат давом этди. Ундан олдинроқ Пекиндаги Халқ мажлислари майдонида муҳташам кутиб олиш маросими бўлиб ўтганди. Раҳбарлар замбараклардан баравар ўт очиб қарши олинганди.
Россия ва Хитой муносабатлари «йирик державалар ўртасида муносабатлар учун эталонга айланди», деган музокараларда Си Жинпин, Путин эса Москва ва Пекиннинг ҳамкорлиги — халқаро майдондаги асосий барқарорлаштирувчи омиллардан бири эканини айтган. Музокаралардан кейин улар «Ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида»ги баёнотни имзолашди. Бу нимани англатади?
Делегация Россия иқтисодиёти ва ҳарбий машинаси Ғарбнинг савдо ва молиявий санкциялари туфайли кундан кунга тобора кучлироқ қарам бўлиб бораётган Хитой билан Кремлнинг алоқаларини мустаҳкамлашни кўзлаган.
Икки кунлик ташриф Россиянинг Украинага босқинидан кейин дунёнинг ривожланган мамлакатларида назардан қолган Путин учун ҳам тасалли бўлади. Хитой дунёда россияликлар етакчиси учун Украинадаги ҳарбий жиноятларга оид айбловлар туфайли ҳибсга олиш учун ордер эмас, илиқ қабул кафолатланган ягона йирик давлатдир.
Си Жинпинг Путинни «қадрдон дўст» деб атайди, қўшни мамлакатга босқин учун танқид қилмаган ва унинг дунёдаги Ғарб гегемонлигидан норозилигига қўшилади. Си Путин билан аллақачон 40 мартадан ортиқ учрашган — бу дунёдаги бошқа етакчилардан исталган бири билан учрашувлар сонидан икки баробар кўп ҳисобланади.
Украинага босқин арафасида ҳам Путин навбатдаги марта Пекинда меҳмон бўлганди ва ўшанда улар Си билан «чегарасиз дўстлик ва истисно зоналарсиз ҳамкорлик» тўғрисидаги баёнотни имзолаб, бу «учинчи мамлакатларга қарши қаратилмагани»ни айтишганди.
Икки йил ўтди ва АҚШ Хитойга айнан шу борада эътироз билдирмоқда — уни Кремлга Украинани эгаллашда ва ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам беришда айбламоқда. Эндиликда Хитой банклари ҳам Америка санкциялари таҳдиди остида қолган ва улар россияликларнинг тўловларига эҳтиёткорона ёндаша бошлаган.
Натижада сўнгги икки ойда Хитойнинг Россияга экспорти ҳажми қисқарди, ҳолбуки шу вақтга қадар савдо мунтазам равишда ўсиб, ўтган йили рекорд даражадаги 240 млрд долларга етганди.
Россия ва Хитой ўртасидаги молиявий ва савдо оқимларини америкаликлардан қандай қилиб яхшироқ яшириш масаласи Россия делегацияси билан музокараларда кўтарилиши аниқ.
Чой, концерт ва тет-а-тет
Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков Россия агентликларига маълумот беришича, чоршанба куни кечқурун концертдан сўнг Си билан тор доирада, кенг ва тет-а-тет форматдаги музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
«Сарой ёнидаги хиёбонда сайр қилишади, чой ичишади, кейин эса табиийки норасмий музокаралар ўтказилади, — дея Ушаковдан иқтибос келтирган „Интерфакс“. — Хитойда чой ичиш энг муҳими, айниқса яккама-якка ҳолатда».
Путин ва Сини умумлаштирадиган жиҳатлар кўп: иккиси ҳам ҳокимиятнинг авторитар вертикалини қуришган, иккиси ҳам ҳокимиятдан норози бўлганларни бостиради, иккиси ҳам давлатни умрбод бошқаришни кўзлаган, иккиси ҳам ўз мамлакати ҳудудларини қайтарувчи деб билади.
71 ёшда, Си бир ойдан кейин 71 ёшга тўлади. Улар 2018 йилда Владивостокда дўстона тарзда икра билан ароқ ичишган, Путин ташриф арафасида Хитой нашрларига берган интервюсида бир йил олдин Си ўз инаугурациясидан кейин Москвага келгани ва улар қарийб беш соат мобайнида яккама-якка суҳбат қуришганини «илиқ хотира сифатида эслади».
Тор доирадаги музокараларга Путин янги мудофаа вазири Андрей Белоусовни, вазирликнинг собиқ раҳбари, эндиликда Хавфсизлик кенгаши котибига айланган Сергей Шойгуни ҳамда ТИВнинг алмашмас раҳбари Сергей Лавровни таклиф этган.
Кенг доирадаги музокаралар учун эса Путин олти нафар вице-премерни, барча асосий вазирларни, ўз администрациясининг бир қисмини, йигирма нафар губернаторлар, давлат банклари ва давлат компаниялари раҳбарларини олиб келган.
Уларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхати қуйидагича (қисқалик учун лавозимлари келтирилмайди): Денис Мантуров, Татяна Голикова, Александр Новак, Виталий Савелев, Юрий Трутнев, Дмитрий Чернишенко, Максим Решетников, Антон Силуанов, Александр Козлов, Максим Орешкин, Дмитрий Песков, Игор Сечин, Геннадий Тимченко, Юрий Чиханчин, Алексей Лихачев, Олег Белозеров, Герман Греф, Олег Дерипаска, Кирилл Дмитриев, Андрей Костин, Леонид Михелсон, Игорь Шувалов, Сергей Куликов, Алекандр Шохин, Александр Репик.
Ғарбга қарши биргаликда дўстлик
Россия ва Хитой раҳбарларини бирлаштирадиган асосий жиҳат — Ғарбни ёқтирмасликдир. Аммо бунда жиддий фарқ бор. Путин уни мутлақо ёвузлик деб билади ва унинг у томон йўли ёпилган. Жаноб Си эса АҚШ ва Европага тенг ҳуқуқли ва бадавлат ҳамкорлар сифатида қараб, уларни йўқотишни истамайди ва ўзаро ҳурматни сақлайди.
Бироз олдинроқ у Евроиттифоқдаги ягона ядровий давлатда бўлган, французлар президенти Эммануэл Макрон уни тоғдаги ресторанда қўзичоқ гўшти билан сийлаб, столга қимматбаҳо коняк қўйганди.
Макрон яна бир марта Сидан Путинга таъсир кўрсатиб, уни Украинадаги урушни авж олдиришдан қайтаришга кўндиришни сўраганди. Путиннинг Пекинга ташрифи Си Макронни қанчалик эшитгани ёки ўтган сафаргидек унинг гаплари бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетганини кўрсатиб беради.
Францияда Си Макронга Украинадаги урушда Хитойни айбламасликни таклиф қилиб, «бу инқирозни Хитой бошламагани ва унда иштирок этмаётгани»ни билдирди. Ва агар Ғарб Хитойни Россиянинг иттифоқчиси сифатида Кремлнинг Украинада қилаётган ишлари учун жазоласа, «янги совуқ уруш» рўй беришидан огоҳлантирди.
Си анчадан буён Ғарбнинг АҚШнинг кўрсатмаси билан амалга оширилаётган барча ҳаракатлари Хитойни жиловлашга қаратилганини айтиб келади. Путин ҳам Ғарб Россияни тиз чўктиришга интилаётганини даъво қилади. У Украинага босқинини айнан шу гап билан асослаган ва Хитойга ташрифи олдидан Хитой жамоатчилигига можаро АҚШ Россияни ҳурмат қилмаслиги ва бошқаларга ҳам бунга рухсат бермагани учун бошлангани ҳақида гапирди.
«АҚШ бошчилигидаги ғарб элитаси цивилизацион ва маданий хилма-хилликни ҳурмат қилишдан бош тортади ҳамда асрлар давомида шаклланган анъанавий қадриятларни рад этади. Улар ўз глобал ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун бошқа халқларга кимлар билан дўст бўлиш ва ҳамкорлик қилиш мумкин, кимлар билан мумкин эмаслигини белгилаб бермоқчи бўлади. Уларни ўз тараққиёт моделини танлаш ҳуқуқидан маҳрум этишади», — деган Путин.
Ва қўшимча қилади: «Биз халқаро ҳуқуқ устуворлиги тарафдоримиз».
БМТ эса бошқача фикрда.
«Россиянинг Украинага ҳужуми — бизнинг кўп томонлама тизимимизнинг асосий тамойиллари ва қадриятларига қарши чорловдир. Бу бизнинг коллектив виждонимизга ҳақорат. Бу БМТ Устави ва халқаро ҳуқуқ бузилиши», — деганди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш босқиннинг бир йиллигида.
Руслар хитойликлар билан асрий биродар
Кенг кўламли босқин бошлангач, Россия учун ғарбнинг бой бозорлари, технологиялари ва кредитларидан фойдаланиш имкониятлари кескин қисқарди. Путиннинг 25 йиллик бошқарувининг биринчи ярмида Россия иқтисодиёти кескин кўтарилишида айнан улар катализатор вазифасини ўтаганди.
Энди Кремл зудлик билан Хитойда муқобил вариантларни қидирмоқда, аммо уруш шароитида иқтисодиётда кенг кўламли бурилиш қилиш қийин кечмоқда. Хитой ғарб технологиялари ва илғор электроникасини тўлиқ алмаштиришга қодир эмас, қолаверса, Россия тушиб қолган ҳолатдан фойдаланиб қолади.
Хитой Россия нефтини арзонлаштирилган нархларда харид қилмоқда, ўз машиналарини эса ўз нархида сотишда давом этмоқда. Кремлнинг Хитойга «Сила Сибир — 2» газ қувурини сотишга бўлган уринишлари бир неча йилдан буён олдинга силжимаяпти. Газ қувури келгусида Европа бозоридаги йўқотишларни қисман қоплашга ёрдам бериши мумкин эди. Аммо хитойликлар шошилмаяпти, шу туфайли «Газпром» раҳбари йирик делегациядан жой олмаган, у Пекинга эмас, Эронга йўл олган, шартнома бу сафар ҳам имзоланмайди.
Аммо Путин якунда барчаси жойида бўлишига ишонмоқда. Ва нафақат иқтисодиётда. Унинг кузатувларига кўра, Россия ва Хитой халқлари маданий жиҳатдан яқинлашмоқда.
«ХХР рассомлари иштирокидаги кўргазмалар доимо катта муваффақият билан ўтказилмоқда… Хитой маданияти ва санъати россияликларда катта қизиқиш уйғотмоқда», — деган Путин Хитой нашрларига интервюсида ва Ғарб билан ажралишдан кейин Шарқ билан маданий яқинлашувга мисол келтирган:
«Масалан, Москвада биринчи марта Ой тақвими бўйича Янги йил кенг нишонланди», — деган Путин.
У ўзи ҳам Хитой маданиятига қизиқиб бораётганини тан олган.
«Сизнинг жанг санъатларингиз тўғрисида, жумладан ушу тўғрисида яхши хабардорман, Хитой фалсафасини ҳурмат қиламан. Оила аъзоларим ҳам Хитойга қизиқишади, айримлари хитой тилини ўрганмоқда», — деган Путин анъанага кўра қариндошларини исмини тилга олмасдан.
Мавзуга оид
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» баллистик ракетаси ёрдамида зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
09:28 / 21.11.2024