Спорт | 00:04 / 20.05.2024
21065
7 дақиқада ўқилади

Гвардиола — АПЛ қироли. «Сити»да рекорд чемпионлик

Бундай натижага ҳатто Алекс Фергюсон ҳам эриша олмаган.

Фото: Premier League

АПЛда мавсум якунланди, яна «Манчестер Сити» чемпион.

«Манчестер Сити» – «Вест Ҳэм» 3:1
Голлар:
1:0 – 2 Фоден, 2:0 – 18 Фоден, 2:1 – 42 Қуддус, 3:1 – 59 Родри.
«Манчестер Сити» – Ортега, Уокер, Рубен Диаш, Аканжи (Аке, 71), Гвардиол, Бернарду Силва, де Брюйне, Родри, Фоден (Ковачич, 90+1), Ҳоланд, Доку.
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Цоуфал, Крессуэлл, Зума, Мавропанос, Эмерсон (Алварес, 71), Уорд-Проуз, Соучек, Лукас Пакета (Ингз, 86), Қуддус, Антонио (Эрти, 81).
Огоҳлантириш: Алварес (75).

«Арсенал» – «Эвертон» 2:1
Голлар:
0:1 – 40 Гуйе, 1:1 – 43 Томиясу, 2:1 – 89 Ҳавертц.
«Арсенал» – Райя, Уайт (Тимбер, 69), Габриэл (Зинченко, 59), Салиба, Томиясу, Парти (Смит-Роу, 69), Эдегор, Райс, Ҳавертц, Троссар (Жезус, 78), Мартинелли.
«Эвертон» – Пикфорд, Коулмэн, Тарковски, Брэнтуэйт, Янг, Гарнер, Гуйе, Дукуре (Бетункал, 90+2), Онана, Кэлверт-Люин (Шермити, 75), Макнил.
Огоҳлантиришлар: Парти (39), Тарковски (50), Дукуре (54), Райс (68), Тимбер (73), Ҳавертц (83), Пикфорд (83).

АПЛнинг сўнгги турини барча жамоалар бир вақтда – Тошкент вақти билан соат 20:00 да бошлашди. Охирги турга келиб ЕЧЛ йўлланмалари бўйича ва лигада жон сақлаб қолиш масаласида интрига қолмаганди. Интрига фақат ким чемпион бўлишида қолганди. Лекин «Сити» энди етакчиликни бой бермаслигига деярли ҳеч кимда шубҳа йўқ эди ва якунда шундай бўлди ҳам.

Рекорд даражадаги қаторасига тўртинчи чемпионлик арафасида Хосеп Гвардиола ўз шогирдларини тинчлантириб, эҳтимолий босимни олиб ташлаш ўрнига, улардаги иштиёқни кучайтирди. У «Вест Ҳэм»ни мақтаб, Дэвид Мойес бу жамоа бошқарувидаги сўнгги ўйинида эшикни қаттиқ ёпиб кетишга ҳаракат қилишини айтди ва икки йил олдинги сўнгги тур ўйинини эслади. Ўшанда «Астон Вилла»га қарши ҳал қилувчи ўйинда «Манчестер Сити» 75 дақиқагача 0:2 ҳисобида ортда борган, аммо қолган дақиқаларда ҳисобни 3:2 кўринишига келтириб, «Ливерпул»нинг умидларини сўндирганди.

«Мен 10-дақиқага қадар 3:0 ҳисобида олдинда бўлишимизни истайман, аммо бунақа бўлмайди», — деди Пеп. Амалда унинг гапи тўғри эди, аммо бундай ўйинларда илк ҳужумдаёқ ҳисобни очиш — идеал сценарий. Ва бу гол мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилган Фоден томонидан урилиши мантиқий бўлди. Филнинг чемпионатдаги 18-голи — муҳимлиги жиҳатидан ҳам, чиройлилиги эътибори билан ҳам олтин коллекциядан жой олиши мумкин. У ўз одатига кўра марказга кўчди ва жарима майдонига кирмасдан кучли зарба билан олис тўққизликни аниқ нишонга олди. Голли узатма муаллифи бўлган Бернарду Силва ҳам эҳтимолий хайрлашув олдидан мухлисларга шундай совға тайёрлаганди.

Бу вақтда Лондондаги «Эмирейтс» стадионига йиғилган мухлисларнинг кайфияти ҳам ўйин бошиданоқ бузилди.  «Арсенал» устози Микел Артета ўйиндан олдинги матбуот анжуманида совринсиз якунланадиган мавсумни муваффақиятли деб ҳисоблаш мумкинми деб берилган саволга шундай жавоб қайтарганди: «Бу ҳақда ўйлашга ҳақли эмасман. Мен фақат ғалаба қозонишимиз ҳақида ўйлашим керак, шундан кейин қандайдир яхшиликдан умид қилиш мумкин. Бизда умид бор. Чемпионатнинг охирги ўйини ва биз соврин учун ўйнаймиз. Биз оптимист бўлишимиз, ўз ишимизни бажаришимиз керак, нима бўлишини эса кейин кўрамиз».

Лекин рўй бериши керак бўлган иш бўлди. Чемпионлиги барчанинг жонига текканига қарамай, «Сити» барибир ўз мақсадига эришди. Кўп нарса битта ўйинда ҳал бўладиган Чемпионлар лигаси ёки кубок турнирларидан фарқли равишда узоқ давом этадиган турнирда Гвардиола жамоасининг тенги топилмаяпти. Жамоа ҳар сафар айниқса иккинчи даврани даҳшатли ўтказмоқда.

«Ливерпул» мавсумнинг ҳал қилувчи қисмида уч кун ичида беш очко йўқотиб, пойгани тарк этди. Сўнгги турга беш ғалабадан иборат серия билан келган «Арсенал»га эса «Астон Вилла» билан уйдаги мағлубият қимматга тушди. Шунингдек, «Манчестер Сити» билан сафардаги дуранг аввалига фойдали кўринган бўлса-да, бугунги кунга келиб ушбу очко йўқотиш ҳам бошқача вазнга эга бўлмоқда. Гвардиола эса йил бошидан буён уч бор дуранг қайд этди («Арсенал»дан ташқари «Ливерпул» ва «Челси» билан ўйинларда). Қолган 16 ўйинда, жумладан охирги тўққизтасида ғалаба қозонди.

Биринчи бўлим давомида мухлислар турлича ҳиссиётларни бошдан кечиришди. Аввалига Фоденнинг иккинчи голидан кейин лондонлик мухлислар буткул тушкунликка тушишди, кўп ўтмай «канонирлар»нинг ўзи ҳам гол ўтказиб юборди. Меҳмонларнинг жарима зарбасидан кейин тўп «жонли девор»да турган Райснинг боши орқали рикошет бўлиб бориб, бу мавсум «Олтин қўлқопи»ни қўлга киритган Райяни ожиз қолдирди.

Танаффус арафасида эса яна интрига қайтди, «Арсенал» Томиясу ҳужумга қўшилиши орқали ҳисобни тенглаштирди, «Этиҳад»да эса Қуддус қайчи услубидаги зарба билан «Сити» мухлисларини хавотирга солиб қўйди. Бу икки воқеа ҳам «Эмирейтс»да катта хурсандчилик билан нишонланди, гўёки барчаси Артетанинг сценарийси бўйича кетаётганди. Аммо якшанба кунги ўйинда Ҳоланд яна йўқолиб қолган бўлса-да, Гвардиоланинг ишонган машинаси Родри иккинчи бўлим бошидаёқ керакли голни урди. Силва эса яна муҳим голли пас муаллифига айланди.

«Арсенал» параллел учрашувда 89-дақиқада Жезус ва Ҳаверцнинг саъй-ҳаракатларидан кейин ғалаба голини урди, аммо энди бунинг аҳамияти йўқ эди.

«Канонирлар» қаторасига иккинчи мавсумда тутулни «Сити»га бой бериб қўйишди, гегемонни ағдариш учун жамоа ундан ҳам кучлироқ бўлиши талаб этилади.


Гвардиола даврида бу ишни Туманли албионни тарк этаётган Юрген Клоппгина уддалаган. Кейинги мавсумда «Ливерпул» билан нима бўлиши — катта сўроқ остида. Бетараф мухлисларнинг барча умиди икки бор панд еган Артетадан. Яқин вақтлар ичида «Сити»га рақобатчилик қила оладиган бошқа жамоа кўринмаяпти.

Бу чемпионлик «Сити» учун қаторасига тўртинчи, сўнгги етти мавсумдаги олтинчиси – бундай натижага Англия чемпионатлари тарихида ҳали ҳеч ким эриша олмаган.

38-турдаги барча натижалар:

АПЛ турнир жадвалида якуний вазият:

Мавзуга оид