Жаҳон | 17:32 / 20.05.2024
1959
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ дори воситаларига чидамли бактериялар рўйхатини янгилади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2024 йил учун янгиланган бактериал патогенларнинг устувор рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Фото: Getty Images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2024 йил учун янгиланган бактериал патогенларнинг устувор рўйхати (BPPL)ни эълон қилди. Унга антибиотикларга чидамли бактерияларнинг 15 оиласи киритилган бўлиб, улар муҳим, юқори ва ўрта устувор гуруҳлар бўйича таснифланган. Рўйхатда микробга қарши препаратларга чидамлилик (МҚЧ) тарқалишини тўхтатиш учун янги ва керакли даволаш усулларини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар берилган.

ССВга кўра, МҚЧ бактериялар, вируслар, замбуруғлар ва паразитларга дорилар таъсир қилмай қолганда вужудга келади ва бу беморларда касалликни оғирлаштиради, шунингдек, унинг тарқалиш ва ўлим хавфини оширади.

Таъкидланишича, одатда МҚЧ микробларга қарши воситаларни нотўғри ва ҳаддан ташқари кўп ишлатиш туфайли келиб чиқади. Янгиланган БППЛ рўйхати янги антибиотикларни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқишда инновацияларни рағбатлантириш учун халқаро мувофиқлаштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича янги маълумотлар ва экспертлар хулосаларини ўз ичига олади.

Маълумот учун, рўйхат биринчи бўлиб 2017 йилда шакллантирилган эди. Ўшандан буён микробларга қарши препаратларга чидамлилик хавфи ортиб, бу кўплаб антибиотиклар самарадорлигининг пасайишига олиб келган ва замонавий тиббиётдаги қатор ютуқларни йўққа чиқариши мумкин. “Микробларга қарши препаратларга чидамлилик сил касаллиги каби ҳаёт учун хавфли инфекцияларни самарали даволаш имкониятига таҳдид солмоқда. Бу эса касалликнинг оғир кечишига ва ўлим ҳолатларининг ортишига олиб келади”, – деган ЖССТ Бош директори ёрдамчиси Жером Саломон.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид