Жаҳон | 10:06 / 20.05.2024
3414
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Харкив вилоятини ўққа тутиши оқибатида 10 киши ҳалок бўлди

Харкив яқинидаги дам олиш марказига уюштирилган ҳужум ва вилоятнинг Купянск тумани ўққа тутилиши натижасида 10 киши ҳалок бўлди.

Фото: Telegram / synegubov

Россия қўшинлари Харкив яқинидаги Черкасская Лозовая қишлоғидаги дам олиш марказига ҳужум қилди, деб хабар берди шаҳар мэри Игор Терехов 19 май, якшанба куни ўзининг Telegram-каналида.

Унинг сўзларига кўра, дам олиш маскани ҳудудига иккита ракета зарбаси берилган. Ҳужум оқибатида беш киши, жумладан, ҳомиладор аёл ҳалок бўлган. Яна 16 нафар тинч аҳоли, жумладан 8 ёшли қиз яраланган. Бу ҳақда Харкив вилояти раҳбари Олег Синегубов маълум қилди. Унинг аниқлик киритишича, Россия Қуролли кучлари ўққа тутиш вақтида «Искандар-М» ракеталарини қўллаган. 

Бундан ташқари, Купянск тумани ўққа тутилди, у ерда ҳужумлар натижасида беш киши ҳалок бўлди, яна тўққиз киши яраланди, деб ёзади Синегубов. 

Россия янги ҳужуми фонида Харкив вилоятини ўққа тутишни кучайтирди 

10 май куни Россия қўшинлари Украинанинг Харкив вилоятидаги чегара ҳудудларини ўққа тутишни кескин кучайтирди. Шу куни улар бир қанча ҳудудларда ҳужум уюштирди ва кейинроқ бир қанча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

18 май, шанба куни кечқурун Харкив Россия Қуролли кучлари томонидан навбатдаги ҳужумга учради. Оқибатда 6 киши жабрланган, деб хабар берди маҳаллий ҳокимият. 

17 май, жума куни Владимир Путин Россия армияси «бугунги кунда» Харкивни эгаллашни режалаштирмаганини айтди. У ҳужум операциясини Украина Қуролли кучлари чегара ҳудудларини ўққа тутгани сабабли Россиянинг Украина билан чегарасида «санитар зона» яратиш истаги билан изоҳлади. 

Мавзуга оид