Иқтисодиёт | 19:13 / 23.05.2024
22950
4 дақиқада ўқилади

Фермерларга ижара ҳуқуқини сотишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди

Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишдан ўтган лойиҳада, қишлоқ хўжалиги майдонларининг иккиламчи ижара бозорини вужудга келтиришдан ташқари, дала четларидаги экин майдонлари ҳам 10 йилгача иккиламчи ижарага берилиши назарда тутилган. Эндиликда ер участкалари онлайн аукцион орқали ижарага берилади.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ва улардан самарали фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга оид қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.

Қуйи палата бу қонун лойиҳасини феврал ойида масъул қўмитага қайтарган эди. Ўтган даврда қўмита таклиф этилаётган нормаларни вилоятларга чиққан ҳолда, фермер хўжаликлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганган.

Лойиҳа билан, Ер кодексига, “Ижара тўғрисида”ги ва “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари 10 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши назарда тутилмоқда.

Иккиламчи ижарага берилган бу майдонларга мақбул экинлар экилиши ёки тут кўчатлари ўтқазилиши лозим бўлади.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Ер кодексига пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга майдони 10 гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспексияси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспексияси органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир ваколатлари назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдан ўтгани ҳақидаги расмий хабарда, шунингдек, лойиҳанинг яна айрим тафсилотлари келтириб ўтилганди.

Хусусан, ҳужжат билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш белгиланмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга, яъни қайта ижарага беришга рухсат этилади.

Бу норма ер участкасининг ижара ҳуқуқидан гаров сифатида фойдаланиш имкониятини яратади. Ижарачи кредит мажбуриятини бажармаган тақдирда, унинг ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи онлайн-аукцион орқали сотувга чиқарилади. Бунда, ердан фойдаланиш мақсади ўзгаришсиз қолади.

Қонун лойиҳасида белгиланишича, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш учун ижарага олувчи ер участкасидан камида 3 йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши шарт.

Шунингдек, электрон онлайн-аукцион, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан, давлат органларининг қарорлари билан тўғридан тўғри ижарага берилган ер участкаларини бошқа шахсга ўтказишга ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 5 йилдан кейин рухсат этилади.

Бу қонун лойиҳаси шу йил январ ойида қабул қилинган президент фармонидаги янгиликларни қонунларда акс эттиради.

Фармонга асосан, 2024 йил 1 мартдан эътиборан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг апрел ойидаги қарори билан, электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш тартиби тасдиқланган эди.

Мавзуга оид