Нуқтайи назар | 13:57 / 24.05.2024
15287
2 дақиқада ўқилади

“Ижтимоий соҳа объектлари хусусийлаштирилишига мораторий эълон қилиниши керак” — Қобил Хидиров 

Журналист Қобил Хидиров Қашқадарёда ишлаб турган боғчалар сотилиши ҳақидаги хабарлардан кейин таълим ва тиббиёт муассасаларини сотувга қўйишга мораторий жорий қилишга чақирди.

Фото: Kun.uz

“Таълим даргоҳлари, тиббиёт муассасалари сотилмаслиги ва унинг ўрнида бетон уйлар ёки савдо марказлари қурилмаслиги керак.

Агар бундай объектларни хусусийлаштиришга эҳтиёж бўлган тақдирда, бу борада қонунчилик ҳужжатларида аниқ нормалар, принциплар ишлаб чиқилмагунча бунга рухсат берилмаслиги керак.

Нормалар шундай бўлиши керакки, хусусийлаштирилган ерларда, объектларда таълим ёки тиббиёт муассасаларидан бошқа ҳеч қандай фаолият турига рухсат берилмаслиги керак. Шифохона ўрнида шифохона, боғча ўрнида боғча бўлиши керак”, – деб ёзди Қобил Хидиров ўз блогида.

Аввалроқ, иқтисодчи Отабек Бакиров ижтимоий соҳа обектларини хусусийлаштирмасликни назарда тутувчи қонун ишлаб чиқишга чақирганди. Унинг таъкидлашича, мактаблар, шифохоналар, университетлар макони хусусийлаштиришдан дахлсиз бўлиши ва уларнинг ҳудудини сотиш қонун билан тақиқланиши зарур.

Kun.uz аввалроқ Қашқадарё вилоятидаги тўртта “Эркатой” боғчалари ишлаб турган бўлса-да, хусусийлаштириш дастурида “бўш турган объект” сифатида сотувга қўйилганига эътибор қаратганди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги бунга жавобан муассасаларнинг “узлуксиз ишлаши борасида аниқ чоралар белгиланмагунча” улар сотилмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид