Ўзбекистон | 18:18 / 24.05.2024
7611
1 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ва Путин Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этади 

Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Россия президенти Владимир Путин 26–27 май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. 

Ташриф дастурида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Бўлажак учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари ўрин олган.

Амалий ҳамкорликни кенгайтиришга, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, инновацион ҳамкорлик дастурларини қўллаб-қувватлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этади.

Ташриф арафасида Тошкент шаҳрида бир қатор қўшма тадбирлар – етакчи муҳандислик-техника олий ўқув юртлари ректорларининг учрашуви, тиббиёт илмий-амалий конференцияси ва Рус санъати ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид