Жаҳон | 13:37 / 25.05.2024
3692
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон АҚШнинг янги қонун туфайли санкциялар жорий этиш қарорига муносабат билдирди

Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси АҚШнинг чет эл агентлари тўғрисидаги қонуни туфайли санкциялар жорий этиш қарорига жавобан, мамлакат «суверенитет билан савдолашмаслигини» таъкидлади. Аввалроқ давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ қонун қабул қилинишига жавобан гуржи сиёсатчиларга нисбатан виза чекловлари жорий этишини айтган эди. 

Фото: Irakli Gedenidze / Reuters

Гуржистоннинг ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси сиёсий кенгаши АҚШнинг чет эл агентлари ҳақидаги қонун туфайли санкциялар жорий этиш қарорига жавобан, мамлакат «суверенитет билан савдолашмаслигини» билдирди, деб ёзади Georgia Today нашри. 

«Биз мамлакатимиз суверенитети ва хавфсизлиги билан савдолашмоқчи эмасмиз. Ҳеч қандай шантаж бизни мамлакатимизга қарши қадам ташлашга мажбур қилмайди. Бундай вазиятда санкциялар фақат тескари самара беради ва уларни киритганларга зарар келтиради», — дейилади баёнотда. Ҳукмрон партияга кўра, «Энтони Блинкен номидан қилинган баёнот ва виза чекловлари билан шантаж Гуржистон мустақиллиги ва суверенитетини чеклашга қўпол уринишдан бошқа нарса эмас», деб ёзади нашр. 

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Гуржистон парламенти томонидан чет эл агентлари тўғрисидаги қонун қабул қилинганига жавобан АҚШ гуржи сиёсатчиларга виза чекловлари жорий этишини маълум қилганди. «Охирги бир неча ой ичида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси фикр эркинлигини бостирувчи, Гуржистон фуқароларига хизмат кўрсатувчи ташкилотларни қоралайдиган ва мустақил матбуот фаолиятига аралашадиган «хорижий таъсир» қонуни лойиҳасини ишлаб чиқди ва қабул қилди», - дейди у. 

Гуржистон парламенти 14 май куни якуний, учинчи ўқишда чет эл агентлари тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонунга кўра, йиллик даромадининг 20 фоизидан кўпроғини хорижий манбалар ташкил этувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари йилига бир марта Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтиши ва мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт. 

18 май куни Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили парламент томонидан қабул қилинган қонунга вето қўйди. У буни «Россия қонуни» деб атади, бу «Гуржистон Конституцияси ва барча Европа стандартларига зид келади ва [Гуржистон] Европа йўлига тўсиқ бўлади», деди. Шу билан бирга, Гуржистон қонунчилигига кўра, президент ветосини эндиликда «Гуржистон орзуси» депутатларидан ташкил топган парламентнинг кўпчилик қисми четлаб ўтиши мумкин.

24 май куни эрталаб Гуржистон парламенти 27 майдан бошлаб президент Зурабишвилининг ветосини бекор этиш тартибини бошлашини маълум қилди. Агар қўмита ветони бекор қилишни маъқулласа, масала парламент ялпи мажлисига киритилади. 

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш апрел ойининг ўрталаридан бошлаб давом этган оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Тбилисида 30 апрел оқшомида бошланган ташаббусга қарши намойишда 63 киши ҳибсга олинган, олти полициячи оғир яраланган. 1 май куни Тбилисидаги намойишлар чоғида камида саккиз киши жароҳатланган, уларнинг барчаси касалхонага ётқизилган, деб хабар берди Гуржистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бошқарма маълумотларига кўра, уч нафар полиция ходими ҳам жароҳатланган. 

Мавзуга оид