Ўзбекистон | 10:21 / 25.05.2024
2928
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжи учун мақсадли қабул квоталари ажратилади 

2024-2025 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим ташкилотларининг бошқа таълим шаклларига умумий қабул параметри кундузги таълим шакли учун белгиланган қабул квотасидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

Фото: Kun.uz

“Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Белгилаб қўйилишича:

а) давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш бали тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланади;

б) ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун давлат буюртмаси параметрлари доирасида мақсадли қабул квоталари ажратилади. Бунда:

  • давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари мақсадли қабул буюртмачилари ҳисобланади ҳамда кадрларга бўлган ўз эҳтиёжларини Давлат комиссиясига тақдим этади;
  • ҳудудлар кесимида мақсадли қабул тегишли ҳудудда доимий яшайдиган (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган) ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган абитуриентлар орасида танлов асосида амалга оширилади;
  • мақсадли қабул квотаси доирасида талабаликка тавсия этилган фуқаро билан манфаатдор туман (шаҳар) ҳокимияти, соҳавий давлат органи (ташкилоти) ва олий таълим ташкилоти ўртасида тўрт томонлама шартнома тузилади. Бунда талабани иш билан таъминлаш ва унинг ўқишни якунлагандан сўнг муайян ҳудудда (ташкилотда) ишлаб беришини мониторинг қилиш кадр буюртмачиси зиммасига юкланади;

в) 2024-2025 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим ташкилотларининг бошқа таълим шаклларига умумий қабул параметри кундузги таълим шакли учун белгиланган қабул квотасидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид