Ўзбекистон | 14:37 / 26.05.2024
13735
3 дақиқада ўқилади

Қонли ҳафта: кўплаб ЙТҲлар ва бешта ўлим

Сўнгги етти кунда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари ҳар доимгидан кўпроқ содир бўлганини кузатдик. Уларда камида беш киши ҳалок бўлди.

Фото: Kun.uz

Жумладан:

19 май. Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган ТАПОиЧ кўпригидан Gentra қулади. Оқибатда машина ҳайдовчиси ва унда бўлган икки нафар йўловчи тан жароҳатлари олган.

19 май. Самарқанд шаҳрида “Нексия-2” машинаси бошқарувни йўқотган. Сўнг йўл четидаги бетон устунга урилиб, машина иккига бўлиниб кетган. Ҳодиса оқибатида машинада бўлган йўловчилар турли даражада тан жароҳатлари олишган.

Фарғона вилояти Бувайда туманида мактабнинг 9-синф ўқувчиси трактор бошқариб темирйўлга чиқиб кетган. Оқибатда тракторни поезд уриб юборган ва ўқувчи ҳалок бўлган.

20 май. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 35 ёшли ҳайдовчи йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Оқибатда пиёда оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.

21 май. Самарқанд шаҳрида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган талаба йигитни Нексия-2 машинаси уриб юборган. Оқибатда талаба шифохонада вафот этган. Ижтимоий тармоқларда талаба йигитни пойга уюштирган машина уриб юборгани айтилган хабарлар тарқалди.

24 май. Тошкент шаҳрида тез ҳаракатланган Toyota Prado ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган. Сўнг йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, учта машина билан тўқнашган. Оқибатда Toyota Prado ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Бошқа ҳайдовчиларга туман шифохонасида тиббий ёрдам кўрсатилган.

25 май. М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўлининг Шароф Рашидов туманидан ўтган қисмида “Ласетти” қоидаларга зид равишда қайрилиб олган ва автобус билан тўқнашган. Оқибатда, машина йўл четига чиқиб ағдарилган ва унинг салонида бўлган 21 ёшли йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидан ўтувчи А-379 автомобил йўлида “Ласетти” автомобили ЙТҲга учраб ёниб кетгани, ундаги одамлар ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди.

Самарқанд шаҳри кўчаларидан бирида оқ рангли Gentra ёши тахминан 50-60 лар атрофида бўлган аёлни уриб юборгани ва жабрланувчи воқеа жойида вафот этгани айтилган хабарлар чиқди.

Бироқ бу икки ҳолат бўйича Навоий ва Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХББ ахборот хизматидан маълумот олишнинг иложи бўлмади. Масъуллар жойларда хизматда эканликларини айтиб, маълумот беришмади.

Юқоридаги ЙТҲлар – булар ижтимоий тармоқларда тарқалгач масъуллар томонидан маълумот берилганлари. Маълумот берилмаганлари қанчалиги номаълум.

Умуман олганда сўнгги пайтларда одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини яшириш, ҳатто сўралганда ҳам маълумот бермаслик ҳолатлари тез-тез учраяпти.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид