Ўзбекистон | 12:36 / 27.05.2024
5320
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун 100 млн доллар ажратди

Жаҳон банки Ўзбекистонда «Инсон» лойиҳаси учун 100 млн доллар миқдорида имтиёзли маблағ ажратди. Лойиҳа 50 мингдан ортиқ аҳолига сифатли ижтимоий ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имконини беради.

Фото: Жаҳон банки

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитни тасдиқлади. Ушбу маблағлар «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоийлашувини таъминлаш учун инновацион ижтимоий ҳимоя тизими» («Инсон») лойиҳасини амалга ошириш учун тақдим этилади.

Лойиҳанинг мақсади аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб одамлар учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг сифатини яхшилашдир, дейилади хабарда. Лойиҳа қўшимча равишда Жаҳон банки қошидаги «Эрта ёшдаги таълим учун ҳамкорлик» кўп томонлама донорлик траст жамғармаси томонидан тақдим этилган 2 миллион долларлик грант воситасида молиялаштирилади.

Жамғарма фаолияти дунёнинг турли мамлакатларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ривожланиши ва таълимини қамраб олади. Ушбу маблағлар маҳаллий жамоалар (маҳаллалар) даражасида кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар фаровонлигига таъсирини баҳолаш ва уларнинг сифатини ошириш учун йўналтирилади.

Лойиҳа Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан мамлакатнинг турли давлат органлари, нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Мамлакат бўйлаб маҳаллалар даражасида фаолият юритадиган 50 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Уларнинг хизматлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламларига қаратилган бўлади.

50 мингдан ортиқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари негизида сифатли ижтимоий ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яхшиланади.

Мавзуга оид