Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қирғизистон парламенти оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтиришга қарши чиқди
Депутатлар қирғиз менталитетини унутмасликка чақириб, қонун лойиҳасини қайтариб юборишди.
Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери Нурланбек Шакиев ва депутат Мирлан Самикўжо хавфсизлик ва оилавий, жинсий ва гендер зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун лойиҳасига қарши чиқди.
Парламентнинг 29 май куни бўлиб ўтган йиғилишида Самикўжо лойиҳа ишлаб чиқувчилар қирғиз менталитетини унутганини айтди, деб ёзди Kaktus.
«Биз қирғизмиз! Тасаввур қилинг, агар ўғлингиз билан келин уйда жанжаллашса, ўғлингиз 10-30 кунга уйдан чиқиб кетиши керак. Биз қирғиз халқи эртага фарзандларимизни тарбиялай олмай қоламиз. Келинг, яна бир бор ўйлаб кўрайлик! Биз қирғизлар азалдан эътиқод, қадриятлар ва урф-одатлар асосида яшаб келганмиз. Қирғизларни сақлаб қолган бошқа ёзилмаган қонунлар ҳам бор: урф-одатлар, катталарни ҳурмат қилиш ва бошқалар. Мен оиладаги зўравонликка қаршиман, лекин биз ички қонунларимизни оёқ ости қила олмаймиз. Биз қирғизмиз! Анъаналар бўйича яшайлик. Қонунлар керак, лекин менталитетни унутмаслик керак. Эртага ўғлингиз келин билан жанжаллашиб қолади, келин ўғлингизни уйдан ҳайдаб юборади, сўнгра келин қандай қилиб сиз билан бирга яшайди?» деди Самикўжо ва лойиҳани қайта кўриб чиқиш учун қайтаришни таклиф қилди.
Шакиев ҳам унинг фикрига қўшилди. Унинг сўзларига кўра, қирғиз халқининг қонунлардан устун бўлган ёзилмаган урф-одат ва анъаналари бор.
«Албатта, қонунлар асосида яшашимиз керак, лекин менталитетни ҳам унутмаслигимиз керак», деди спикер.
Депутат Достон Бекешевнинг айтишича, бундай ҳолатлар содир бўлмаслиги учун оилавий зўравонликка қарши қонуннинг ҳожати йўқ.
«Фақат аёлларни калтакламанг, тамом, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади! Бўлмаса, урф-одатлар ҳақида гапирганда, халқимиз учун аёлни уриш одатдаги ҳолдек туюлади», деб таъкидлади у.
Бироқ, депутат Достон Жумабеков дунё бўйлаб оилавий зўравонлик кўпайиб бораётгани ҳақида маълум қилиб, қонуннинг муҳимлигини таъкидлади.
«Қирғизистонда ҳам сўнгги пайтларда оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бунга қарши курашиш учун биз ишлайдиган қонунларни қабул қилишимиз керак. Эҳтимолий зўравонлар жазо оғир бўлишини билиши керак. Анъаналар асосида яшасак, 18-20-асрларга қайтишимиз мумкин!», деди у.
Натижада депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун қўмитага қайтаришга қарор қилдилар.
Қонун лойиҳаси оилавий зўравонларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартириш учун «ахлоқ тузатиш дастурлари»ни жорий этишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, тажовузкорлар оилавий зўравонлик содир этилган уйдан низо ҳал бўлгунга қадар чиқиб кетиши шарт бўлган қоида ҳам назарда тутилган.
Нашрнинг ёзишича, сўнгги пайтларда Қирғизистонда рўйхатга олинган оилавий зўравонлик ҳолатлари кескин ошган. Мутахассисларнинг фикрича, зўравонлик даражасини пасайтириш учун қонунчиликдаги ўзгаришлар ва жазонинг муқаррарлиги зарур. Ҳозир оиладаги зўравонлик қурбони бўлган аёллар уйдан чиқиб кетишга, кўпинча фарзандлари билан бирга кетишга мажбур бўлмоқда. Қонун лойиҳаси ушбу ҳолатни ўзгартиришни таклиф қилади.
Мавзуга оид
07:50 / 24.05.2025
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Андижонда сезилди
16:53 / 23.05.2025
Қирғизистон президенти ноқонуний мигрантларга 10 июнгача муҳлат берди
20:42 / 20.05.2025
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Андижонда сезилди
20:07 / 20.05.2025