Жамият | 16:18 / 01.06.2024
14588
7 дақиқада ўқилади

 “Болаларга маиший муаммоларни сингдиряпмиз” – болаларни эрта "улғайтираётган" лойиҳалар ҳақида

Ижтимоий тармоқларда болалар иштирокида олинадиган контентлар ортида қандай мақсадлар ётади? Ушбу контентлар болаларнинг руҳияти ва тарбиясига, уларни кузатаётган болалар аудиториясига қандай таъсир қилади? Kun.uz бу масалада мутахассис ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот фикрларини ўрганди.

Бугун жиловсиз ахборот макони ҳаммамизни ўз қаърига тортяпти. Ижтимоий тармоқлар эса кўпчиликнинг энг кўп вақт сарфлайдиган макони ва у ерда болалар иштирокида ҳам кўплаб контент яратилмоқда. Бу роликларда уларнинг ўз ёшига муносиб бўлмаган турли ҳолатларни талқин қилаётганини кўриш мумкин. Улар ижтимоий тармоқларда миллионлаб марта кўрилади. Болалар бу ролларда катталарга тақлид қилишади, катталарга хос эмоциялар, кўз қарашлар, қочиримларни бажаришади.

Болаларнинг бундай лойиҳаларда иштирок этиши, буни уларга ва бошқа болалар тарбиясига таъсири ҳақида мутахассислардан изоҳ сўрадик.

Гули Тўраева, психолог:

 “Бугун ижтимоий тармоқлардаги контентларни 2га бўлиш мумкин: фойдали, бирор маълумот олиш мумкин бўлган контентлар ва шунчаки одамлар эътиборини қозониш, “просмотр” учун, лайклар сонини кўпайтириш учун олинаётган роликлар. Буни оддий ҳол деб қарашимиз, болаларнинг актёрлик қобилиятларига тан беришимиз мумкин. Бу масаланинг бизга кўриниб турган томони. Аммо унинг кўзга кўринмайдиган томони ҳам бор.

Болаларимиз 7 ёшдан то мактабни тугатгунча бўлган даврда илм олишга энг эҳтиёжманд бўлишади. Биз уларни қаерга йўналтирсак ўша тарафга йўналади. Яъни улар катталарни ролини ўйнаяпти. Бизда “онахотин” деган атама бор-ку, худди шу ҳолатга тушишади. Болада болани кўрмайсиз, ўзини тутиши, гап-сўзи катталар каби. Шу ролга ўтиб олган болалар ўзини катталардай тутиб ўз оилаларида оилавий муҳитни бузмасликларига ҳеч ким кафолат бермайди.

Бу ролларни улар ўзлари қила олмайди, уларнинг орқасида режиссёрлари бор. Бу режиссёрлар албатта ота-оналар. Бу роликларни олиш, аудитория йиғишнинг ўзи бўлмайди – катта меҳнат талаб қилади. Бу болалар ота-онанинг қурбони бўляпти. Улар қайсидир мақсадда – ёки пул топиш учун, ёки аудитория йиғиш учун, эътиборда бўлиш учун ота-она фарзандидан фойдаланяпти. Бу ерда руҳий босим турибди”.

Ситора Алихонзода, журналист (Туркия):

 “Туркияда охирги пайтда айнан мана шу масалаларда жамоатчилик жиддий талаблар билан чиқяпти. Ҳатто инстаграмдаги феноменлар, (бизда инстаблогер дейилармиди) болаларини туғилганидан бошлаб, кун тартибини, кўзини очиши билан телефонда видео олиб тинимсиз релсларда, сторисларда жойлаши, умуман ёш болаларини "реклама" қилиб пул топаётганларни жавобгарликка тортиш ҳақида қарор ташаббуси билан чиқишяпти. Таклифлар бериляпти.

Бунақа феномен оилалар кўп. Мақсад кўп кузатувчига эга бўлиш ва реклама олиш. Бойиш!

Туркияда оила вазирлиги бор, ана шу вазирлик ҳозирда огоҳлантириш билан чиқяпти. Сиз назарда тутган болаларнинг катталарга тақлид қилиб видео олишига ўхшаш ҳолатлар қаттиқ қораланади ва бўлса ҳам дарров чора кўришади. Оила вазирлиги ҳатто бир ижтимоий ролик ҳам чиқарган ТВларда бериляпти худди шу мавзуда”.

Сурайё Раҳмонова, болалар омбудсмани:

“Бунга нисбатан болалар омбудсмани сифатида позициямиз қатъий – буни қоралаймиз. Чунки, бола ҳимояланмаган даражадами – демак ота-она биринчи навбатда бундай медиаконтент яратишда боланинг эртанги кунига таъсирини ҳам ҳисобга олиши керак. Афсуски бу савол ота-оналарни кўп ҳам ўйлантираётгани йўқ. Бу ачинарли ва афсусланарли ҳолат.

Бу ҳам мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши. Чунки болани мажбурлаш фақат унинг ихтиёрига қарши ҳаракатлар билан намоён бўлмайди. Яъни бу ерда боланинг розилиги масаласи четга ўтяпти ва ота-она томонидан боладан қандай мақсадда фойдаланиш масаласи олдинга чиқяпти. Буни болани мажбурлаш деб баҳолаш мумкин.

Бизда ҳали бу масаланинг ҳуқуқий томондан тўлиқ тартибга солинмагани учун чора кўриш имкони йўқ. Лекин бу болага нисбатан зўрликнинг, зулмнинг бир кўриниши эканлигини англатиш, одамларга тушунтириш муҳим ҳисобланади.

Ота-оналар болани намойиш қилишда унинг эртанги кунида, руҳий соғлигида, униб-ўсишида, жамиятда ўз ўрнини топишида салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эътиборга олишлари зарур”.

Гули Тўраева, психолог:

 “Бу болаларни кузатаётган бошқа болалар ҳам уларга тақлид қилиб, ўзларининг болалик давридан қайтиб, уларга эргашиш эҳтимоли катта. Масалан ўша ёшда спортда, ўқишда катта муваффақиятларга эришганлар ҳақидаги контент бўлса болага ижобий таъсир қилади.

Бугун ижтимоий тармоқларга узвий боғланганмиз. Келинларимиз, оналаримиз баъзида чарчаганда ёки қаттиқ банд бўлганда боламизга телефон тутқазиб қўямиз. Улар бу роликларни кўради ва шуларни ортидан беихтиёр эргашади. Биз болаларни шунақа маиший муаммоларга ўралаштирадиган бўлсак, уларнинг мияси шу майда муаммолар билан банд энди. Ҳаётни фақат ўша нарсалар билан кўради, ўша қолипга тушади. Бундан кейин ҳам ҳаёт фақат ўша маиший муаммолардан иборат деб билади ва онгига шу сингади. Бола кўрган нарсасини такрорлашни бошлайди. Шунинг учун кузатувчиларга бунақа контентларнинг таъсири катта бўлади. Бу мазмунда контент яратаётганлар саноқли бўлиши мумкин, аммо уларни кузатаётган ва эргашаётганлар сони жуда катта. Бу жуда хавфли ҳолат. Биз маиший муаммоларга ўралашиб қолсак, уларни ечишга тафаккуримиз етмаса – биз бу муаммоларнинг қурбони бўламиз.

Масалан, улғайиб турмушга чиққанда қайнонаси яхши бўлса ҳам, қайнонадан доим ўзига душман ясайди, ундан шуни кутади, гумонда катта бўлади бола. Боланинг асл фитрати тоза бўлмайди. Буни эса шундай контентлар орқали биз сингдиряпмиз – қайнона ёмон бўлиши, эр образи сингдириляпти. Буни кўрган болалар катта бўлганда ҳам ҳаётга ўша назар билан қарайди”.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Оператор Охун Нормуродов.

Мавзуга оид