Ўзбекистон | 17:15 / 01.06.2024
1927
2 дақиқада ўқилади

Зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери берилади

Қонунчилик палатасида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Бу қонун Ўзбекистон тарихида илк марта жабрланган болани ҳатто оиладан ажратиб олишга изн берадиган базавий ҳуқуқий асос бўлиши кутилмоқда. 

Фото: Depositphotos

Эндиликда зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери берилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев хабар берди

Маълум қилинишича, Қонунчилик палатасида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилган. 

“Шундай вақтлар бўлдики, қонунларимиздаги бўшлиқлар ҳамда ваколатли органлар бўлмагани туфайли жамият боласини калтаклаб турган ота-онага қарши лом-мим дея олмади. “Бола меники, қандай тарбияласам, ўзим биламан”, дейдиганларга “ҳой”, дейишдан нарига ўтолмаган вақтлар бўлди.

Энди бу каби ҳолатларга нуқта қўйилади. Ўзбекистон тарихида илк марта жабрланган болани ҳатто оиладан ажратиб олишимизга изн берадиган базавий ҳуқуқий асос яратилди.

Энди зўравонликдан жабрланган бола ёки унинг қонуний вакили маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат эта олади ва бу жараёнда давлат божи тўлашдан озод қилинади”, дея таъкидлаб ўтган Одилжон Тожиев.

Спикер ўринбосари ушбу қабул қилинган қонунга амалда эҳтиёж сезилмаслигига ва болалар ҳеч қачон зўравонликка учрамаслигига умид билдириб қолган. 

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид