Ўзбекистон | 14:56 / 03.06.2024
3402
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган япон сайёҳлари сони тўрт баробар ошди

Мамлакат элчихонаси томонидан Токио шаҳрида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" хабарига кўра, Япониянинг Hankyu Travel International Co.Ltd сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда япон сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, етакчи ОАВ вакиллари ва таниқли блогерлар иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Муҳсин Абдураҳмонов Япония билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, мамлакатга ташриф буюраётган япон сайёҳлари сони тобора ортиб бораётгани, жумладан, 2023 йилда бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 4 баробарга ошганини маълум қилди.

Hankyu Travel Co.Ltd компаниясининг ташқи туризм департаменти директори Куниаки Немото ўз навбатида, мамлакат бой сайёҳлик салоҳиятини инобатга олган ҳолда япон компанияси Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганини маълум қилди. У, шунингдек, июл ойидан сотувга чиқариладиган янги туризм пакетлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга бағишланган тақдимот давомида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган тарихий обидалар ҳақидаги маълумотлар иштирокчилар эътиборига тақдим этилди. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби тарихий шаҳарлар салоҳияти, япон сайёҳлари учун қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган ўзбек миллий урф-одатлари, таомлари ва янги туристик йўналишлар ҳақида таъкидланди.

Мавзуга оид