Samsung Electronics ходимлари компания тарихида биринчи марта иш ташлаш эълон қилди
Ходимлар компания раҳбарларидан иш ҳақини оширишни талаб қилган. Иш ташлашни уюштирган касаба уюшмаси ва компания раҳбарлари музокараларга тайёрлигини билдирган.
Жанубий Кореянинг Samsung Electronics ходимлари компаниянинг 55 йиллик тарихида биринчи марта иш ташлаш ўтказган. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 2024 йил 7 июн куни Жанубий Кореянинг энг йирик иш берувчилардан бири бўлган Samsung Electronics касаба уюшмаси иш ташлаш уюштирган. Ходимлар иш ҳақини оширишни талаб қилиб чиққани айтилмоқда.
7 июн куни кўплаб ишчи-ходимлар Сеулдаги Samsung офиси олдига йиғилган. Иш ташлашни 28 мингга яқин аъзоси бўлган Samsung Electronics миллий иттифоқи (NSEU) ташкил қилган. Иш ташлашда қанча ходим қатнашгани аниқ эмас.
Бу иттифоқ таркибига компанияда ишловчи барча ходимларнинг бешдан бири аъзо бўлиб кирган. Ходимлар иш ҳафтасини бир кун олдин тугатган ва иш ҳақини ошириш ва йиллик таътилга қўшимча кун беришни талаб қилиб чиққан.
Samsung Electronics вакиллари ходимларнинг иш ташлаши компаниянинг ишлаб чиқариш ва бизнес фаолиятига таъсир қилмаганини маълум қилган.
Таҳлилчиларнинг Reutersʼга айтишича, иш ташлаш DRAM ёки NAND каби хотира флешкалари ва яримўтказгичлар ишлаб чиқариш, уларни етказиб бериш жараёнига жиддий таъсир қилмайди. Чунки уларни ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган.
Маълум бўлишича, охирги ҳафталарда Сеулдаги офис, шунингдек, пойтахт жанубидаги Хвасондаги чип ишлаб чиқарувчи завод олдида ишчиларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Сўнгги йилларда Samsung Electronics компанияси бир нечта синовларни бошидан ўтказди. Пандемия пайтида компютер чипларини ишлаб чиқариш қисқариб, уларнинг танқислиги компания фаолиятига акс таъсир кўрсатди.
Шунингдек, 2023 йилда чипларга талаб пасайиб кетди. Ана шундай мураккаб вазиятдан компания сунъий интеллектнинг ривожланиши туфайли чиқиб кета олди.
Маълумот учун, Samsung Electronics хотира флешкалари, турли чиплар ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Юқорида айтилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда унга асосан Тайван компаниялари рақобатлашади.
Мавзуга оид
11:28
Дунё бўйлаб энг кўп сотилаётган смартфонлар номи маълум қилинди
18:54 / 09.11.2024
Сеул: Шимолий Корея GPS-сигналларни узиб, кемалар ва авиацияга халақит бермоқда
10:48 / 09.11.2024
Ўзбекистон ва Жанубий Корея янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилди
10:08 / 09.11.2024