Жаҳон | 13:32 / 12.06.2024
2477
2 дақиқада ўқилади

Мустақил ОАВ ва «ФБК» «Сен ёлғиз эмассан» марафонини ўтказмоқда

«Сен ёлғиз эмассан» акцияси доирасида россиялик сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш учун хайрия маблағлари йиғилмоқда. Ташкилотчилар орасида «Медуза», «Дождь», «Медиазона» ва «ФБК» бор.

Фото: Nikita Jolkver/DW

Россия мустақил матбуоти «ФБК» билан биргаликда 12 июн, чоршанба куни сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Сен ёлғиз эмассан» деб номланган марафон ўтказмоқда. Акция ташкилотчилари орасида «Медиазона», «Медуза», «Дождь», шунингдек, «ФБК»нинг «Популярная политика» ва «Навальный Live» лойиҳалари бор. Марафон трансляцияси эрталаб соат 9 да бошланди.

Қутб доираси ортидаги колонияда вафот этган россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная акцияда иштирок этишга чақирди. «Россияда сиёсий репрессияга учраганлар учун ягона трансляция ва хайрия йиғиш бўлади. Албатта қўшилинг!» - дея у ижтимоий тармоқлардаги обуначиларга мурожаат қилди. 

Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш бўйича иккинчи марафон 

Россиялик сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш марафони иккинчи марта ўтказилмоқда. 2023 йилда кампания давомида 40 миллион рублга яқин пул йиғишга муваффақ бўлинди, дея хабар беради Навалний жамоаси. Ушбу маблағларнинг катта қисми маҳбуслар, уларнинг қариндошлари ва репрессиядан қочганларга ўтказилди. Хайриялар ёрдамида жарималар ва адвокатларнинг иш ҳақи ҳам тўланган. Бундан ташқари, пулнинг бир қисми сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватловчи ташкилотларга ўтказилди. 

Мавзуга оид