Ўзбекистон | 17:28 / 12.06.2024
13289
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳақида номаъқул гап айтган чет элликларнинг Ўзбекистонга кириши тақиқланади

Депутатлар ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини таҳқирловчи гаплар айтган чет эл фуқаролари Ўзбекистонга киритилмайди, агар улар Ўзбекистонда бўлса, депортация қилинади ва қатор тақиқларга дучор бўлади.

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Қонунчилик палатаси ахборотига кўра, бунга – Ўзбекистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш зарурати сабаб бўлган.

Лойиҳа билан Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Польша, Беларус, ХХР каби давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

Биринчидан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланмоқда.

Мазкур шахслар томонидан қуйидаги мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлади:

– Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган; давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи; Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи.

Иккинчидан, мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида қуйидагилар тақиқланади:

– Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш.

Учинчидан, Ўзбекистонда вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахснинг мамлакатда бўлиши номақбул деб топилиши унинг Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқини бекор қилишга ҳамда мазкур шахс депортация қилишга сабаб бўлади.

Тўртинчидан, қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби назарда тутилган.

Хусусан, шахс мамлакатда бўлиши номақбул деб топилганлиги тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак. Агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади.

“Қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, юртимизда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган”, – дейилади расмий релизда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча ой давомида россиялик бир қатор расмийлар ва пропагандачилар, хусусан Захар Прилепин, Михаил СмолинМихаил Делягин, Евгений ФёдоровПётр Толстой ва бошқалар Ўзбекистон ва ўзбек халқи шаънига қаратилган таҳдид ва ёлғон баёнотлари билан Ўзбекистон жамоатчилиги ғазабига сабаб бўлган, қатор фаоллар расмийларни бундай шахсларнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашга чақирган эди.

Мавзуга оид