Ўзбекистон | 10:10 / 14.06.2024
8431
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиши кутиляпти

Яқин вақт ичида Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи режалаштирилган. Бу ҳақда Бишкекда Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов маълум қилди.

2024 йил 13 июн куни Бишкекда Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов ушбу муҳим тадбирда иштирок этаётгани учун барча йиғилганларга самимий миннатдорлик билдирди. «Бугун биз Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари ва имкониятларини муҳокама қилдик. Сизнинг фаоллигингиз ва ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқишингиз умумий муваффақиятимиз гаровидир», – деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, у яқинда, 2-3 май кунлари икки давлат бош вазирлари раислигида ҳукуматлараро комиссиянинг 11-мажлиси бўлиб ўтганини эслатди. «Ушбу учрашувда муносабатларимизни ривожлантириш борасида эришилган ютуқлар, унда қабул қилинган қарорлар қўшма ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Биз турли соҳаларда салмоқли ютуқларни кўряпмиз ва бу форум олдимизга қўйган улкан мақсадларни рўёбга чиқариш йўлидаги яна бир қадам бўлди», – деди Санжар Болотов.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистонда Савдо ваколатхонаси очилгани икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ютуқ эканини таъкидлади. Мазкур ваколатхона қўшма товар ва хизматларни илгари суриш, икки давлат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишда муҳим рол ўйнайди.

Яқин вақт ичида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи режалаштирилган. Икки давлат президентларининг бўлажак учрашуви мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш йўлидаги муштарак иродани ўзида мужассамлаштирган муҳим пайт бўлади.

«Президентларимиз олдимизга мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифасини қўйган. Бу - катта, аммо эришиш мумкин бўлган мақсад. Бу мақсадга эришиш учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз, барча мавжуд восита ва механизмлардан фойдаланишимиз керак. Ишончим комилки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан нафақат бунга эришамиз, балки бу кўрсаткичдан ҳам ошиб кетамиз», - деди у.

Якунда вазир ўринбосари ҳам икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида муваффақиятли ва самарали ҳамкорликка умид билдирди. Форум янги алоқаларни йўлга қўйиш, икки давлат иқтисодий юксалишига хизмат қилувчи истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни муҳокама қилиш учун ноёб имконият яратади. 

Мавзуга оид