Евросиё бўйлаб Тинч океанидан Атлантика океанигача – дунёнинг энг узун темирйўл йўналишлари қаерда жойлашган?
2014 йилда Хитой “Янги ипак йўли” номи билан янги темирйўл йўналиши очди. Бу йўналиш узунлиги 13 052 км бўлиб, унда поезд Хитойнинг Иу шаҳридан Испания пойтахти Мадридгача боради. 2021 йилда Лаосда 414 км узунликда темирйўл қурилди ва шундан сўнг Сингапурдан Португалиягача поездда бориш имконияти пайдо бўлди. Бироқ “Янги ипак йўли”дан фарқли равишда Сингапур-Португалия йўналишида мунтазам қатновлар йўлга қўйилмаган.
Темирйўллар қурилиши XIX аср бошларида бошланган бўлса-да, кейинчалик автомобил транспорти ривожланганда ҳам унинг аҳамияти пасаймади. Ҳанузгача у турли юкларни ва йўловчиларни ташишда муҳим транспорт воситаси бўлиб қолмоқда.
Бугун дунёнинг 140 давлатида темирйўллар бор. Маълумотларга кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб ташилган юкларнинг 23 фоизи темирйўллар орқали ташилган.
Темирйўлларда юк ва йўловчи ташишда АҚШ, Хитой, Россия, Канада, Ҳиндистон, Германия, Франция, Аргентина, Австралия ва Бразилия каби давлатлар етакчилик қилади.
ХХ аср ва XXI асрнинг бошларида дунёдаги энг узун темирйўл йўналиши Транссибир йўналиши эди. Бу йўналиш Москвадан Узоқ Шарқдаги Владивосток шаҳригача борарди.
2014 йилда Хитой томонидан “Янги ипак йўли” номи билан янги темирйўл йўналиши очилди. Бу йўналишда поезд Хитойнинг Иу шаҳридан Испания пойтахти Мадридгача боради. Унинг умумий узунлиги 13 052 километрни ташкил этади.
“Янги ипак йўли” бир муддат дунёдаги энг узун темирйўл йўналиши бўлиб турди. 2021 йилга келиб Лаоснинг Ботен ва Виентян шаҳарлари ўртасида 414 километрлик темирйўл участкаси фойдаланишга топширилди.
Шундан сўнг Сингапурдан Португалиягача бўлган масофада дунёнинг энг узун темирйўл линияси пайдо бўлди. Бироқ “Янги ипак йўли” линиясидан фарқли равишда Сингапур-Португалия йўналишида поездлар қатнамайди.
The Times нашрининг хабар беришича, Лаосдаги темирйўл участкаси битгандан сўнг Лиссабондан Сингапургача бўлган 18,6 минг километрлик йўлни поездда Париж, Москва ва Пекин орқали 3 ҳафтада босиб ўтиш мумкин бўлади.
Маълумот учун, Лаосдаги йўлни “Бир камар бир йўл” дастури доирасида Хитой қуриб берган. Қурилиш ишлари 5 йил давом этган ва унга 6 млрд доллар маблағ сарфланган.
Қуйида дунёнинг энг узун темирйўл йўналишлари ҳақида маълумот берамиз.
10. Шанхай – Лхаса 4 373 километр
Хитой шарқидаги Шанхай шаҳридан унинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган Тибет пойтахти Лхаса шаҳрига юрадиган поезд Хитойнинг саккизта провинциясидан ўтади.
Шанхайдан йўлга чиққан поезд Лхасага етиб бориши учун вазиятга қараб 47-50 соат вақт керак бўлади.
Шанхай – Лхаса йўналишида юрадиган поезддан асосан сайёҳлар фойдаланади. Тибетни томоша қилишга келаётган хитойлик ва хорижлик сайёҳлар асосан шу поездда юради.
Хитой ҳукумати Лхасага темирйўл йўналиши қуриб, Тибетни иқтисодий ривожлантириш ва ҳудудда сайёҳликни ривожлантиришни мақсад қилганди.
Бу лойиҳа ўз самарасини берди. Кейинги йилларда Тибетга хорижий ва ички сайёҳлар келиши кескин ошди.
9. Чикаго – Лос-Анжелес: 4 390 километр
Чикаго шаҳри АҚШнинг шимолий-шарқида, Лос-Анжелес мамлакат ғарбида жойлашган. Бу икки шаҳарни боғловчи темирйўлнинг узунлиги 4 390 километрни ташкил этади ва у АҚШдаги энг узун йўналиш ҳисобланади.
Бу йўналишда поезд манзилга етгунча ўртача 60-65 соат ҳаракатланади. У АҚШнинг еттита штатини кесиб ўтади ва йўлда 40 та бекатда тўхтайди.
Ушбу поездда асосан сайёҳлар ташилади. Улар бу йўналишда АҚШнинг ноёб ва хилма-хил табиатини томоша қилишга муваффақ бўлади.
Чикаго-Лос-Анжелес йўналишида йўловчи ташиш билан асосан давлатга қарашли Amtrak компанияси шуғулланади. Компания узоқ давом этадиган саёҳатда йўловчиларни зериктирмаслик учун вагонларни тарихий ашёлар билан жиҳозлаган.
Бундан ташқари, йўловчиларга хизмат кўрсатадиган ходимлар ҳам грим қилган ҳолда Голливуд актёрлари қиёфасида йўловчиларга хизмат қилади.
АҚШ темирйўл тармоқлари бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Мамлакатда тортилган темирйўл линияларининг умумий узунлиги 250 000 километрни ташкил этади.
8. Харбин – Хайкоу: 4 458 километр
Хэйлунцзян провинцияси маркази Харбин шаҳрини Хайнан оролидаги Хайкоу шаҳри билан боғлайдиган темирйўл Хитойдаги энг узун йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ушбу йўналишда мунтазам қатновлар 2013 йилда бошланган. Поездлар манзилга етгунча 66 соат юради ва 52 та бекатда тўхтаб ўтади.
Йўналиш Хитойнинг шимолий ва шарқий қисмини жанубий қисми билан боғлаш учун очилган.
Хайнан ороли ўзининг дам олиш масканлари билан жуда машҳур. Янги темирйўл линиясининг очилиши маҳаллий дам олувчиларнинг оролга етиб олишини анча қулайлаштирди.
7. Торонто – Ванкувер: 4 466 километр
Худди Чикаго – Лос-Анжелес темирйўли каби Торонто – Ванкувер йўналиши ҳам Канада шарқидан унинг ғарбий қисмигача давом этади.
Торонто мамлакат шарқида, Ванкувер эса унинг ғарбида жойлашган. Ҳар икки шаҳарни 4 466 км узунликдаги темирйўл йўналиши боғлаб туради.
Бу йўналишда асосан VIA Rail компаниясининг поездлари қатнайди ва Торонтодан Ванкувергача Канаданинг табиати билан танишиб кетиш мумкин бўлади. Йўлларда ҳатто турли ёввойи ҳайвонлар ҳам учрайди.
Бу йўналишда темирйўл баланд тоғлар, тоғ ўрмонлари, тик қояли даралар оралаб тортилган. Поездлар манзилга етгунча йўловчилар умуман зерикиб қолишмайди.
Торонто – Ванкувер йўналишида поездлар қарийб 4 сутка, 85-90 соат юради ва йўлларда 66 та бекатда тўхтаб ўтади. Улар орасида Виннипег, Саскатун ва Эдмонтон шаҳри вокзаллари ҳам бор.
6. Урумчи – Гуанчжоу: 4 684 километр
Урумчи – Гуанчжоу темирйўл маршрути Хитойнинг ғарбий ва шарқий қисмларини боғлайди. Ушбу йўналишда уч турдаги поездлар қатнайди.
Булар Z138/Z135, T38/T35, L908/L905 рейсларидир. Z турдаги поездлар тезюрар ҳисобланади. Улар 31 та бекатда тўхтайди ва 49,5 соатда манзилга етади. T турдаги поездлар 55 соатда, учинчи, L турдаги поездлар 65 соатда манзилга етади.
5. Инин – Шанхай: 4 742 километр
Инин–Шанхай темирйўл йўналиши Хитойнинг шимолий-ғарбини дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Шанхай билан боғлайди.
Бу йўналишда поездлар илк марта 2014 йил 10 декабрдан бошлаб қатнай бошлаган. Поездлар қатнов давомида еттита провинцияни кесиб ўтади ва 32 та бекатда тўхтайди.
Улар орасида Нилки, Куйтун, Цзинхэ, Цавэн, Турфан, Урумчи, Шаншань ва Хами шаҳарларидаги вокзаллар ҳам бор. Инин–Шанхай йўналишида поездлар ўртача 56-60 соат юришади.
4. Лхаса – Гуанчжоу: 4 980 километр
Дунёдаги энг узун темирйўллардан яна бири Лхаса-Гуанжоу йўналиши ҳисобланади. Бу йўлнинг узунлиги 4 980 км бўлиб, у Тибетнинг маъмурий маркази Лхаса шаҳрини Хитой шарқидаги Гуанжоу билан ўзаро боғлайди.
Ушбу темирйўлда ҳам тезюрар поездлар қатнайди ва улар вазиятга қараб ўртача 54-60 соатда манзилга етади.
Лхаса-Гуанжоу йўналишида қатнайдиган поездлар Чэнчжоу, Ланчжоу, Учан ва Сиан каби йирик шаҳарлар вокзалларида ҳам тўхтаб ўтади.
Ушбу йўналишдан ҳам асосон маҳаллий сайёҳлар фойдаланишади, поездлар ресторанида хитой миллий ошхонасининг 100 дан ошиқ таомлари тайёрланади.
Вагон хизматчилари йўловчиларга маълумотларни уч тилда: хитой, инглиз ва тибет тилларида эълон қилиб боради.
3. Москва – Пекин: 8 984 километр
Москва-Пекин йўналишида поездлар 1954 йилдан қатнай бошлаган. Ўшандан буён бу йўналишда поездлар мунтазам қатнаб келмоқда.
Москвадан йўлга чиққан поезд қарийб 9 минг километр йўл босиб, Пекинга етиб боради. Йўл вақти 145 соатни ташкил этади ва йўналиш давомида поезд 44 та бекатда тўхтаб ўтади.
Ушбу йўналишнинг катта қисми Транссибир темирйўл магистрали орқали ўтади ва Россиянинг Чита шаҳрига бориб йўл Хитой томон бурилади.
Поезд Россия ва Хитой чегарасидаги божхона назорат бекатида узоқ тўхтаб қолади. Бу ерда йўловчиларни божхона кўригидан ўтказиш ва вагонларнинг ғилдиракларини Хитой темирйўлларига мослаш учун 6 соат вақт сарфланади.
2. Москва – Владивосток: 9 289 километр
Москва-Владивосток ўртасида илк поезд 1903 йилда ҳаракатланган. Ўшанда Транссибир темирйўли орқали юрган поезд Сибирда Хитой ҳудудига ўтган ва Шарқий-Хитой темирйўли орқали Владивостокка етиб борган.
1916 йилда Хабаровск яқинида Амур дарёси устига кўприк қурилади. Шундан сўнг Москва-Владивосток йўналишидаги поездларнинг йўли бироз қисқаради.
Москва-Владивосток йўналишидаги поездлар юрадиган Транссибир темирйўл линиясининг тарихи XIX асрнинг охирига, аниқроғи, 1891 йилга бориб тақалади.
Ўшанда Россиянинг Европа қисмини Узоқ Шарқдаги шаҳарлар билан боғлаш режаси тайёрланади. Маълум бир участкаларда темирйўл линиялари қурилади. Бироқ ишларни охирига етказиш учун Россияда маблағ етмасди.
ХХ аср бошларида Москвадан аввалига Сибирдаги, сўнг Хитой орқали Владивостокка поездлар қатнай бошлайди. Россиянинг Европа қисми билан Узоқ Шарқдаги шаҳарларни темирйўл орқали туташтириш, режалангандан қарийб юз йил ўтганидан сўнг 1984 йилга келибгина амалга оширилади.
Бунгача эса 50–60 йил давомида Транссибир темирйўл магистрали ва Байкал – Амур магистраль темирйўли қурилди. Поездлар эса Узоқ Шарққа Хитой орқали ҳаракатланишда давом этади.
Москвадан Владивостокка борадиган поезд 178 соат ёки етти сутка юради. Узунлиги 9 288 км бўлган бу йўналишда қатнайдиган поездлар 70 тача бекатда тўхтаб ўтади.
Ушбу йўналишда юрадиган сайёҳлар Россиянинг жуда катта ҳудудларини, жумладан, Сибир ва Байкал кўлини томоша қилиш имкониятига эга бўлади.
1. Иу – Мадрид: 13 052 километр
Иу шаҳри Хитой шарқидаги Чжэцзян провинциясида жойлашган. Бу шаҳар халқаро даражадаги катта-катта улгуржи бозорлари билан машҳур. Шу сабабли Иуни “Дунё супермаркети” деб аташади.
2014 йилда Хитой томони Иу шаҳридан Испания пойтахти Мадрид шаҳрига янги поезд йўналишини ташкил қилди. Бундан мақсад Хитой маҳсулотларини темирйўллар орқали Ғарбий Европага етказиб бериш эди.
Ўшанда Иу шаҳридан йўлга чиққан поезд саккиз мамлакат – Хитой, Қозоғистон, Россия, Беларус, Полша, Германия, Франция ва Испания ҳудуди бўйлаб юриб, 21 кун деганда Мадридга етиб борди.
Ўшандан буён Хитой ва Испания орасида поезд мунтазам қатнамоқда. Иу-Мадрид йўналишининг узунлиги 13 минг километрдан ошади. Хитой бу йўналишни “Янги ипак йўли” деб номлаган.
Иу-Мадрид йўналишини очишдан аввал Хитой айрим жойларда темирйўллар қуриш ва таъмирлаш учун 40 млрд доллар маблағ сарфлаган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
08:30 / 10.10.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» бош муҳандиси Ҳусниддин Ҳосилов ишдан кетди
18:47 / 09.10.2024
Тошкентда темирйўл ходими поезд остида қолиб ҳалок бўлди
20:27 / 01.10.2024
Қирғизистонда «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўл компанияси офиси очилди
20:08 / 25.09.2024