Ўзбекистон | 08:20 / 22.06.2024
2482
2 дақиқада ўқилади

Банк сирини ошкор этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин

Ўзбекистонда банк сирини ошкор этганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда.

Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга сир тутиладиган ахборотларни ҳимоялашга оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳа билан тижорат ва банк сирини ошкор қилиш учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиб тижорат, банк, солиқ ёки суғурта сири ҳисобланган ахборотдан ноқонуний фойдаланиш, тўплаш ёхуд ошкор қилиш учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Жазо тариқасида БҲМнинг 100 бараваридан 250 бараваригача (34 миллион сўмдан 85 миллион сўмгача) жарима ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш белгиланмоқда.

Оғирлаштирувчи ҳолатларда икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таклиф этилмоқда. 

Яъни, ушбу ҳаракатлар:

  • такроран ёки хавфли ресидивист томонидан;
  • шахс томонидан ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда;
  • кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
  • бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса — БҲМнинг 250 бараваридан 500 бараваригача (85 миллион сўмдан 170 миллион сўмгача) жарима ёхуд бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш режалаштирилмоқда.

Ушбу ҳаракатлар:

  • жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
  • мансабдор шахс томонидан;
  • уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса — икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид