Ўзбекистон | 23:50 / 22.06.2024
15728
17 дақиқада ўқилади

Кластерлар лоббиси, кредитга куйганлар ва ИИБда навбатдаги ўлим — ҳафта дайжести

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми миллиард кубга камайди. Ҳоким ўринбосарларидан бири 25 минг доллар билан ушланди. Ўзбек ёшлари жаҳондаги тенгқурларидан нафақат билим, балки ижодий фикрлаш бўйича ҳам анча орқада қоляпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

PISA-2022: Қўшимча блок имтиҳони натижалари эълон қилинди

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2022 йилги PISA халқаро тадқиқотининг қўшимча блоки – ижодий-креатив фикрлаш бўйича имтиҳон натижаларини эълон қилди. Ўзбекистон бу йўналишда ҳам энг қуйи учталикдан жой эгаллади. Тадқиқотда қатнашган 15 ёшли мактаб ўқувчиларимизнинг бор-йўғи 16,5 фоизи ижодий-креатив топшириқлар бўйича 5 даражали тизимда учинчи ёки ундан юқори даражани қайд эта олган. Ўқувчиларимизнинг ярмидан кўпи – 61 фоизи биринчи даража ёки ундан ҳам пастроқ натижани кўрсатган.

Ўзбекистонлик ўсмирлар ижодий фикрлаш имтиҳонида ўртача 14 балл тўплаган бўлиб, бу сингапурлик тенгдошларининг кўрсаткичидан 3 баробарга кам. Бу эса, турган гапки, умумий таълим сифати билан боғлиқ: тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, математика ва бошқа асосий фанлардан яхшироқ баҳо олган ёшлар креатив фикрлаш имтиҳонларида ҳам юқорироқ натижаларга эришган. Бундан ташқари, болаларида креатив мулоҳаза юритиш қобилияти юқори бўлган давлатларда боланинг ижодий қобилиятини ўстиришга алоҳида эътибор берилади: бу масала ўқув дастурларига киритилган, ўқувчилардаги креатив фикрлаш даражасини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган.

Ўзбекистонда эса мактаб таълимида болани ёдлашга эмас, фикрлашга ўргатиш ишлари энди-энди бошланяпти. Чоршанба куни президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинишича, янги ўқув йилидан бошлаб яна мингта мактабда президент мактабларидаги каби 100 баллик баҳолаш тизимига ўтилади. Бу тизим ўтган йили 500 та мактабда жорий этилган ва расмийларга кўра, бунинг натижасида улардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши 53 фоиздан 59 фоизга ошган.

Йиғилишда айтилишича, кам қувватда ишлаётган педагогика коллежлари тугатилиб, уларнинг ўрнида боғча ва мактаблар ташкил этилади. 270 та мактаб интерактив доска, 365 таси компьютер синфлари билан жиҳозланади. “Маҳалла – ота-она – мактаб” ҳамкорлигини кучайтириш, ота-оналар ва болалар учун тарбияга оид адабиётлар яратиш мақсадида Тарбия педагогикаси миллий институти ташкил этилади.

Ойликларни кўтариш эса кейинги йилга режа қилинган. 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчиларнинг ойлик маоши оширилиши мумкин. Маълумот учун, жами 525 минг нафар педагогнинг фақат 155 минг нафари ё олий, ёки биринчи тоифага эга. Бу дегани, келаси йили маош ошиши мактабларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг 70 фоизига тегишли бўлмайди.

Жаҳон банки: Ўзбекистонда аёллар эркакларга қараганда 34 фоиз камроқ маош олади

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг атиги 1 фоизи 5 млн сўмдан кўпроқ маош олади. Ойлик оладиган уч нафар ўзбек аёлидан 2 нафарининг маоши 2 миллион сўмдан ошмайди. Агар мамлакатимизда аёлларга эркаклар билан бир хил даражада маош тўланганида эди, 700 мингдан ортиқ одам камбағалликдан чиққан бўларди.

Бу рақамлар Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили” номли ҳисоботида келтирилган. Унда келтирилишича, мамлакатимизда аёллар эркакларга қараганда 34 фоиз камроқ маош олади. Бу – 20 фоизлик глобал ўртача кўрсаткичдан анча кўпроқ. Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистонда аёлларнинг эркаклар билан бир хил маош олишига эришилса, бу 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам беради.

Умуман олганда, маошлар билан боғлиқ вазият эркакларда ҳам ҳавас қилгудик эмас. Дунёнинг етакчи бизнес журналларидан бўлмиш CEOWORLD magazine нашри тузган рейтингга кўра, Ўзбекистон ойликлар миқдори бўйича дунёда 119-ўринда туради. Нашр Ўзбекистондаги ўртача ойлик маошни 351 доллар деб ҳисоблаган. Бу – Қозоғистондаги ўртача ойликдан 2 баробарга кам. Бу рейтингга ишонилса, Ўзбекистон ўртача ойликлар миқдори бўйича МДҲга аъзо 9 та давлат орасида 7-ўринда бормоқда.

Юзлаб одамлар 200 доллар ишлайман деб 20 минг долларлик қарзни орттириб олди

Охирги йилларда ёқа ушлайдиган даражада авж олиб кетган фирибгарликлар янгидан янги шаклларда одамни ҳайратлантиришда давом этяпти. Навбатдаги схема натижасида юзлаб одамлар атиги 200 долларга алданиб, елкасига 20 минг долларлик қарзни орттириб олди. Жабрланувчилар онгли равишда бегоналарнинг чўнтаги учун ўзларининг номидан банк олиб берган.

Kun.uz суриштирувидан маълум бўлишича, бу схема бўйича жиноят иши тўртта автосалон – “Green-Waatt”, “Ev Sky”, “ZTY Car Energy” ва “Quwwatt Motors”га тааллуқли. Автосалончилар Хитойдан автомобил олиб келиб сотган ва бунинг учун одамларнинг ишончига кириб, уларнинг номига 200-300 млн сўмлик кредитлар чиқартирган. Фирибгарлар 2 ой ичида автомобиллар Хитойдан етиб келиши, шундан кейин кредитларни тўлиқ ёпиб беришларини ваъда қилишган, юзлаб одамлар эса 200 доллар эвазига бунга рози бўлган.

Аввалига фирмалар одамларнинг номидаги кредитларни бир-икки ой тўлаб борган, лекин кейин қарздорларни банклар безовта қила бошлаган. Айни пайтда фирибгарлар устидан жиноят иши очилган ва тергов давом этяпти. Жабрланувчилар онгли равишда олиб берган кредитлар эса уларнинг елкасида қолмоқда. Бу ҳолатда фирибгарлар билан ҳамкорлик қилган банклар қандай қилиб ҳеч қаерда ишламайдиган одамларга кредит бергани, ундирувга келганда нега банклар суғурта компанияларига мурожаат қилмаётгани ҳозирча тушунарсиз.

Тергов маълумотларига кўра, бу ишда жабрланувчилар сони 200 дан ортиқни ташкил этади. Иш бўйича 6 киши қамоққа олинган бўлиб, улар фирибгарлик, ўзгалар мулкини ўзлаштириш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.

Ҳукумат қарори: Газ ва свет тарифлари рақобатли ва адолатли бўлиши керак

2026 йилдан бошлаб янги тасдиқланадиган электр энергияси ва табиий газ тарифлари камида 3 йил амал қилади. Яъни аҳоли ва бизнес субъектлари тарифлар ўзгарган тақдирда, кейинги 3 йил давомида бошқа ўзгариш бўлмаслигига ишончи комил бўлган ҳолда молиявий режалар тузишлари мумкин бўлади. Бу 15 июн кунги Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорда ёзилишича, электр ва газ учун белгиланадиган тарифлар “рақобатли ва адолатли” бўлиши керак. Шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида аҳоли учун ягона нарх сиёсати 2035 йилгача сақланиб қолади. Бунда фақат аҳоли хонадонлари назарда тутилган бўлиб, юридик шахслар учун ҳар бир ҳудудда индивидиуал тарифлар белгилашга нисбатан тўсиқ йўқ.

Айни пайтда, давлат суверенитетининг ажралмас қисми бўлмиш табиий газ танқислиги билан боғлиқ вазият оғирлашишда давом этяпти. Расмий статистикага кўра, шу йилнинг январ-май ойларида 18,8 млрд куб метр газ қазиб олинган: бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 млрд куб ёки 5,2 фоизга кам.

Умуман, Ўзбекистонда газ ва электрга талаб қанчалик тез ошаётган бўлса, биринчи рақамли энергоресурс бўлмиш газни қазиб олиш ҳажми шунчалик тез камайяпти. Охирги 4 йилда газ қазиб олиш кўрсаткичи 23 фоизга, 2023 йилнинг ўзида эса салкам 10 фоизга қисқариб кетди. Натижада йилдан йилга Туркманистон ва Россиядан газ импортини кўпайтиришга тўғри келмоқда.

Табиий газдан ташқари, йилнинг дастлабки 5 ойида нефт қазиб олиш 7 фоизга камайган. Йил бошидан бери электр энергияси, кўмир ва дизел ишлаб чиқариш ҳажми ҳам бироз пасайганини кўриш мумкин. Фақат бензин ва газ конденсати ишлаб чиқаришда 3 фоизлик ўсиш кузатилган.

Берунийда ўнга яқин боғча болаларини олиб кетаётган автомобил ЙТҲга учради

Қорақалпоғистонда боғча болаларини олиб кетаётган автомобил йўл-транспорт ҳодисасига учради. Интернетда тарқалган видеодан кўринишича, Nexia-3 автомобили 10 га яқин болани олиб кетаётган бўлган. Видеода улар йиғлаётгани, айримларининг кийимида қон борлигини кўриш мумкин.

Расмийларга кўра, ҳодиса чоршанба куни соат 9:55 да Беруний туманидаги Шаббоз овулида рўй берган. Шу овулда яшовчи ҳайдовчи ўзининг бошқарувидаги Nexia-3 автомобилида кетаётиб, йўл чеккасидан ҳаракатланишни бошлаётган Gentra'га бориб урилган, натижада ҳайдовчи ҳамда 3 ва 6 ёшли икки бола жароҳатланган. Уларнинг ҳолати қониқарли экани маълум қилинди.

Прокуратура ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатди. Терговда Gentra ҳайдовчиси йўл чеккасидан ҳаракатни бошлашда қоидани бузгани учун, Nexia-3 ҳайдовчиси эса машинага рухсат этилганидан кўп йўловчи олгани учун жавоб беради. Эслатиб ўтамиз, икки ой олдин Қашқадарёда Damas ҳайдовчиси боғча ходими ва яна 25 нафар боғча боласини ортиб ҳаракатлангани учун жаримага тортилган эди.

Ҳафта давомида ғирт қоидабузар ҳайдовчилар рукнига оид яна бир ҳолат аниқланди. Аввалгиларидан фарқли равишда, у мутлақо жазосиз қоладиган бўлди. Аниқроғи, “коллекцияси”да тўплаган жарималарни қайнотаси тўлаб берди.

Мажбурий ижро бюросидан хабар беришларича, Андижон шаҳрида яшовчи М.А. хотинининг эгалигида бўлган Lacetti машинасини бошқариб, мунтазам равишда тезликни меъёридан ошириб келган, натижада 68 марта (!) қоида бузган. Охири МИБ Lacetti'ни жарима майдонига қўйгач, 68 та қоидабузарлик учун жами 28 млн сўмлик жарималарни ҳайдовчининг қайнотаси тўлаб берган.

Бюронинг ахборотида ҳайдовчининг ўзига бирор чора кўрилгани ёки йўқлиги айтилмаган. Умуман, жарималарини “коллекция” қиладиган бундай серияли қоидабузарларга нисбатан қонунчиликдаги норма қанчалик ишлаётгани савол остида қоляпти. Маъмурий кодексга кўра, бир йил ичида бир неча марта тезлик ошириб юборилса, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 2 йилга маҳрум қилиниши керак. Агар андижонлик қоидабузарнинг гувоҳномаси ҳалигача олинмаган бўлса, расмийлар у қачондир бировни ўлдиришини кутяпти, дейиш ўринли бўлади. Маълумот учун, яқинда Жиззахда яшовчи ашаддий қоидабузар 5 ой ичида 11 марта тезлик қоидаларини бузган, охир-оқибат йўл четида кетаётган икки болани босиб кетиб, ўлдирган эди.

Нурафшон: 60 ёшли эркак 6 яшар қизга тегажоғликда гумонланмоқда

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида 60 ёшли эркак 6 ёшли қизга тегажоғлик қилгани айтилмоқда. Аянчлиси, то онасининг мурожаати интернетга чиқмагунга қадар воқеа бўйича жиноят иши очилмай келган.

Қизнинг онаси бу ҳолатга орган ходимларининг эътиборсизлигидан шикоят қилиб, Nemolchi.uz лойиҳасига мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, воқеа 11 июн куни рўй берган: қизи уйга йиғлаб келиб, қўшни эркак уни қучоқлаб, ялаганини айтган. Она 60 ёшли қўшнисининг уйига чиққанида, эркак маст ҳолатда бўлган, у айбловларни рад этиб, қизни шунчаки енгил ўпиб қўйгани, бола ҳаммасини нотўғри тушунганини айтган.

Онанинг сўзларига кўра, у профилактика инспекторига мурожаат қилиб ариза ёзганида, инспектор аризани қабул қилишни рад этган. Кейин прокуратурага мурожаат қилган, лекин 6 кун ўтса ҳамки, қўшнисига чора кўрилмаган. Nemolchi.uz бу мурожаатни эълон қилганидан кўп ўтмай Бош прокуратура ҳолат бўйича жиноят иши очилгани, Нурафшон шаҳридаги профилактика инспекторига нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.

Болалар омбудсмани хабарига кўра, жиноят иши 19 июнда, яъни воқеанинг дараги интернетда чиққан куни қўзғатилган. Унгача ўтказилган терговга қадар текширувда болага нисбатан тиббий экспертиза тайинланган. 20 июн куни эса судга гумондорни қамоққа олиш бўйича илтимоснома киритилган.

Педофилия билан боғлиқ яна бир ҳолат 12 июн куни Наманган вилоятида рўй берди. Чортоқ туманининг Бешкапа маҳалласида ёлғиз яшовчи 47 ёшли эркак кўчада ўйнаб юрган 11 ёшли қизни алдаб, ўзининг уйига олиб кирган ва яшириб қўйган. Буни кўриб қолган қўшниси ИИБга хабар берган. Зудлик билан етиб келган ходимлар ўғирлаб кетилган қизни эркакнинг уйидан топиб, оила аъзоларига қайтарган. Айни пайтда ҳолат юзасидан вояга етмаган шахсни ўғирлаш моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондор қамоққа олинган.

Кластерлар манфаати – қонундан устун?

Ўтган ҳафта Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида ички ишлар ходимлари фермернинг ғалла ўримига ноқонуний тарзда қаршилик қилгани ҳақида хабар берган эдик. Кейинроқ маълум бўлишича, бундай ҳолатлар фақат Қашқадарёда бўлаётгани йўқ. Яна аввалги йиллардаги каби ғалла ўрими вақтида фермерларни ҳимоя қилувчи қонунлар очиқчасига оёқости қилиняпти, бу ҳақда ОАВдаги хабарларни барча идоралар кўриб кўрмасликка оляпти.

Ҳозирга қадар Kun.uz'га маълум бўлган Қашқадарё, Хоразм ва Намангандаги ҳолатлар бир-бирига жуда ўхшаш. Ҳаммасида фермернинг ғалласини ички ишлар идораларининг ноқонуний ҳаракатлари орқали маҳаллий кластерга олиб бермоқчи бўлишяпти. Бу ҳолатга республика даражасидаги идораларнинг ҳам кўз юмаётгани кластерлар ортида қанчалик қудратли лобби турганига ишора қилаётгандек, гўё.

Бизнинг вазифамиз – қонунларни эслатиш. Шундай экан, яна бир бор эслатиб ўтамиз, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қон        уннинг 22-моддасига кўра, фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига биноан эса, ички ишлар органларининг ходимлари ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини оқлаш учун юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари ва буйруқларини рўкач қилиши мумкин эмас.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон фуқаролари Россияга киришда қийинчиликка учрамоқда. Россияга борган ҳамюртларимиз аэропортларда ҳаддан ташқари узоқ давом этаётган қўшимча текширувлардан шикоят қиляпти. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси маълумотига кўра, фуқаролардан бундай мурожаатлар кўпайгани сабаб элчихона томонидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилинган. Қўшимча қилинишича, ўзбек дипломатлари Шереметьево аэропортининг чегара хизмати билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Германия афғонларни Ўзбекистон орқали уйларига депортация қилмоқчи. Der Spiegel нашрининг ёзишича, май ойи охирида Берлиндан Тошкентга делегация келиб, Ўзбекистон ҳукуматига ўз режасини тақдим этган. Унга кўра, афғонлар Тошкентга олиб келинади, бу ердан эса Афғонистоннинг KamAir хусусий авиакомпаниясида Афғонистонга олиб чиқиб кетилади. Немис расмийлари Тошкентдан қайтгач, музокаралар “конструктив” ўтганини айтишган. Ўзбекистон билан ҳамкорлик Германияга “Толибон” билан тўғридан тўғри мулоқотга киришмаслик учун ҳам керак бўлмоқда.

Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими ўринбосари ҳибсга олинди. ДХХ хабарига кўра, у иккита жойда ер олиб бериш учун тадбиркордан 25 минг доллар сўраб, шунча пулни олган вақтида ушланган. Эслатиб ўтамиз, бир ой олдин Сирдарёнинг бошқа бир тумани – Ховос ҳокимининг ўринбосари ҳам тадбиркордан 20 минг доллар сўраб, шундан минг долларини олган вақтида қўлга тушганди.

Бекобод шаҳар ички ишлар бўлими биносига олиб борилган фуқаро вафот этди. Вилоят ИИБ ахборотига кўра, 43 ёшли эркак идорага кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган. Ходимлар уни хизмат машинасида шифохонага олиб борган, у ерда фуқаро вафот этгани ойдинлашган. Собиқ депутат Расул Кушербаев фуқаро орган ходимлари томонидан калтакланганини ёзди. Ички ишлар вазирлиги марҳумнинг яқинларига таъзия билдириб, воқеа тўлиқ ва холисона ўрганилишини маълум қилди. Суд-тиббий экспертизаси тайинланланиб, ҳолат прокуратура назоратига олинган.

Тошкентдаги Дўстлик боғи ҳудудини ноқонуний эгаллаб олган қурилиш компанияси жаримага тортилди. Кадастр органининг маълум қилишича, Vinera Tower компанияси боғга туташ 52 сотихлик майдонга қонуний эгалик қилади, лекин компания яна 24 сотих, хусусан 600 квадрат метрлик боғ ҳудудини ўзбошимчалик билан эгаллаб, тўсиқ билан ўраб олган, боғ ҳудудида ҳатто котлован ҳам қазиб қўйган. Бунинг учун компанияга бор-йўғи 10 млн 200 минг сўм жарима жазоси тайинланди, холос. Аввалроқ Vinera Tower бу ерда 6 та дарахтни ноқонуний кесиб ташлагани учун, унга тегишли девелопер компания эса 6 та дарахтни ноқонуний кўчириб ўтказгани учун жаримага тортилганди. Кўчирилган дарахтлар кейинроқ қуриб қолган.

Мавзуга оид