Жаҳон | 20:02 / 25.06.2024
7979
4 дақиқада ўқилади

Британия пандемия даврида сотиб олинган коронавирусга қарши ҳимоя воситаларини йўқ қилди 

Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан хусусий компаниядан сотиб олинган шахсий ҳимоя воситаларининг камида 1,57 миллиард тўплами зарур талабларга жавоб беришига қарамай, тиббиёт ходимлари томонидан ҳеч қачон фойдаланилмаган. 

Фото: Getty Images

Британия ҳукумати COVID-19 пандемияси даврида шифокорлар учун ҳимоя кийимлари ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари учун деярли 1,5 миллиард фунт стерлинг «ортиқча» сарфлади, улар кейинчалик ҳисобдан чиқарилган ёки йўқ қилинган. 

Британия матбуоти аллақачон ушбу шартномани «Ҳукуматнинг ковид давридаги энг исрофгар буюртмаси» деб атаган. 

BBC маълумотларига кўра, Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Full Support Healthcare (FSH) хусусий компаниясидан сотиб олинган шахсий ҳимоя воситаларининг камида 1,57 миллиард тўплами зарур талабларга жавоб беришига қарамай, тиббиёт ходимлари томонидан ҳеч қачон фойдаланилмаган. 

Шахсий ҳимоя воситаларини харид қилиш ҳукуматнинг Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам департаменти (DHSC) томонидан амалга оширилган. Идора келаси ҳафта мамлакатда бўлиб ўтадиган умумий сайловни ҳисобга олиб, бу борада изоҳ беришдан бош тортган. 

Ушбу сайловда ғалаба қозонишга умидвор бўлаётган мухолифатдаги Лейбористлар партияси вакиллари Борис Жонсон ҳукумати томонидан тузилган ушбу харидлар бўйича ҳукумат шартномасини «даҳшатли исрофгарчилик» деб атади. 

FSH билан юз ниқоблари, респираторлар, кўзни ҳимоя қилиш ва гигиена фартукларини етказиб бериш бўйича 1,78 миллиард фунт стерлинглик шартнома 2020 йил апрел ойида, коронавируснинг тез тарқалиши ва у билан боғлиқ ўлимлар сонининг кўпайиши ҳақида кенг тарқалган хавотирлар чўққисида тузилган эди. 

Бу бутун пандемия давридаги энг йирик эксклюзив шартнома (яъни ягона таъминотчи билан) бўлди. 

Бу Британиянинг Ковид пандемияси икки йили давомида ушбу мақсадлар учун жами бюджет харажатларининг тахминан 13 фоизини ташкил қилади ва 2020 йилгача FSH ўртача йиллик фойдасидан минглаб марта кўпдир. 

Компаниянинг шартномадан олган аниқ фойдаси номаълум, чунки 2021 йилда компания эгалари - эр-хотин Сара ва Ричард Стаут бизнесни «махфийлик нуқтаи назаридан» Жерси оролидаги оффшорга кўчиришган. 

Шу билан бирга, FSH компанияси ҳам, унинг эгалари ҳам Буюк Британияда солиқ тўлайди, шунинг учун ҳуқуқ-тартибот идораларида уларга эътироз йўқ. 

BBC текшируви шуни кўрсатдики, шартнома бўйича FSH томонидан етказиб берилган 2,02 миллиард бирлик шахсий ҳимоя воситаларидан атиги 232 миллиони давлат шифохоналари ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига етиб борган. 

Сотиб олинган буюмларнинг 750 миллионга яқини аллақачон ёқиб юборилган ёки бошқа йўл билан йўқ қилинган, яна 825 миллиони ортиқча захира ҳисобланади, улар ҳам катта эҳтимол билан утилизация қилинади ва қайта ишланади. 

Шундай қилиб, FSH компаниясидан сотиб олинган тахминан 1,4 миллиард фунт стерлинг (тахминан 1,78 миллиард доллар) қийматга эга ҳимоя воситалари ишлатилмайди ва ҳисобдан чиқарилади. 

BBC ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат сотиб олинган ортиқча захираларни сақлаш ва йўқ қилишга камида 100 миллион фунт стерлинг сарфлаган. 

Маълумотларга кўра, пандемиянинг икки йилида фақат битта давлат шартномаси FHS битимидан каттароқ бўлган, аммо бу шартнома бир қатор аралаш хизмат кўрсатувчи таъминотчилар билан тузилган.

Мавзуга оид