Ўзбекистон | 12:16 / 25.06.2024
10769
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси чет эл фуқароларини номақбул деб топувчи қонунни қабул қилди

Депутатлар чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда бўлишини номақбул деб топиш тўғрисидаги ўзгартиришларни қабул қилди. Бунга мамлакат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, адоват қўзғатувчи, халқ шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини камситувчи нутқ ва ҳаракатлар сабаб бўлиши мумкин.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатаси депутатлари чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди

Қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган. У «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

У билан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш шахсни Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур тоифадаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган.

Мавзуга оид