Жапаровнинг жияни унаштириш маросимига ФВВ вертолётида учиб келди. Қирғизистон президенти узр сўрашга мажбур бўлди
Вертолётнинг ижара нархи ушбу мамлакатдаги ярим йиллик маошга тенг.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзининг унаштирув маросимида фавқулодда вазиятлар вазирлиги вертолётидан фойдаланган жияни Лаззат Нуркожоева учун узр сўради. Президентнинг бу борадаги изоҳи «Кабар» агентлиги томонидан эълон қилинган.
23 ёшли Лаззат Нуркожоева — Жапаровнинг қариндошлари орасидаги энг машҳур шахс ҳисобланади. Унинг шахсий либос бренди ва инстаграмда 180 минг обуначиси бор. У ўз хатти-ҳаракатлари ёки ижтимоий тармоқдаги изоҳлари туфайли бир неча бор можаро марказида қолган.
Унаштирув маросими 24 июн куни Қирғизистондаги Оруу-Сай дарасида бўлиб ўтган. У ерда олинган видеони Нуркожоеванинг ўзи инстаграмга жойлаштирган: унда у ва қаллиғи дарага ФВВга тегишли бўлган вертолётда учиб келиши, кейин эса дўстлари ҳамда яқинлари кутиб турган, ҳашаматли қилиб безатилган платформага кўтарилгани акс этган. Бу пост ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин танқидларига сабаб бўлди, улар Нуркожоевани оилавий алоқаларидан фойдаланиши учун қоралашган.
Қирғизистон ФВВ вертолётларни расман ижарага беради. Вертолётнинг бир соатлик ижара нархи 185 минг сомдан (2150 доллар атрофида). Қирғизистондаги ўртача маош миқдори эса бундан қарийб олти баробар кам — 33 минг сом (380 доллар атрофида).
Жапаров ўз изоҳида вертолётларни ижарага беришдан келадиган пуллар бюджетга тушишини, — бу пуллар эвазига ФВВ вертолёт паркини янгилашини эслатиб ўтган. Шу билан бирга, у ўз оиласи аъзолари пул сарфлашда ўзини тийиши лозимлигини қайд этиб ўтган.
«Мамлакат раҳбариятига яқинлар бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Мен исрофгарчиликка чек қўйиш лозимлиги ҳақида кўп такрорлайман. Ҳеч бўлмаганда, бўлажак куёв мени қўллаб-қувватлаб, қўлни бундай сўрашдан олдин ўйлаши керак эди. У танқидга учрамасликка, президентни ноқулай ҳолатда қолдирмасликка ҳаракат қилиши керак эди. Ўйлайманки, у ёшлик қилган. Агар у келиб, унинг қўлини оддийгина сўраганида ҳам уни рад қилишмасди», деган у.
Жапаров шунингдек ўз яқинларидан давлат ишларига аралашмасликни талаб қилишига ишонтирган. «Авваллари мен бошқаларни танқид қилардим. Энди бу ўзимга қайтмоқда. Мен ўз қариндошим учун халқдан кечирим сўрайман», — деган президент. У жияни бундан хулоса чиқариши ва «келгусида оқилона иш тутиши»га ишонч билдирган.
Жапаров Қирғизистонни 2021 йил январидан буён бошқариб келмоқда. У Сооронбай Жээнбеков ағдарилиши ортидан ҳокимиятга келган — Қирғизистон аҳолиси президент муҳим давлат лавозимларига ўз қариндошларини тайинлаганидан норози бўлгани давлат тўнтаришининг асосий сабабларидан бири эди.
Мавзуга оид
18:31 / 14.11.2024
Қирғизистон президенти россиялик боксчига 150 минг долларлик Rolls-Roys совға қилди
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024