Ўзбекистон | 07:20 / 29.06.2024
6408
1 дақиқада ўқилади

Магистрал йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил этилади

Улар ёшларга ижарага берилади. Бунда, дастлабки 6 ойда ёшларга ижара ҳақи ва солиқдан имтиёз тақдим этилади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Магистрал йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, бунда дастлабки 6 ойда ёшларга ижара ҳақи ва солиқдан имтиёз берилади. 

Бу йил 60 минг гектар ер ёшларга ажратилди. Эндиликда ҳар бир вилоятда 2 тадан туманда Ёшлар кооперацияси ташкил қилинади, уларга керакли техника, ускуналар ва уруғлик етказиб берилади.

Тадбиркорлар ҳам ёшлар учун бундай лойиҳа қиламан деса, жамғарма уларнинг кредит фоизини қисман қоплаб беради. Ушбу мақсадларга ҳам 10 миллион доллар ажратилади.

Шунингдек, деҳқончиликни янгидан бошлаган 150 минг ёшларга тажрибали фермерлар ва уста деҳқонлар бириктирилиб, сердаромад ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ўргатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид