Иқтисодиёт | 21:02 / 29.06.2024
8084
6 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалигида дронлар ва сунъий интеллектдан фойдаланишнинг фойдаси ҳисоблаб чиқилди

Ўзбекистон Стратегик ислоҳотлар агентлигининг ўрганишларига кўра, қишлоқ хўжалигида учувчисиз қурилмалар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш мамлакат ялпи ички маҳсулотини 5 йилда 2-5 фоизга (1,8 млрд доллардан 4,5 млрд долларгача) ошириши мумкин. Агентлик бу йўналишда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаяпти.

Фото: Hylio

Стратегик ислоҳотлар агентлиги учувчисиз учиш қурилмалари билан боғлиқ жаҳон тажрибасини ўрганиб, уларни иқтисодиёт секторларида қўллашга доир таклифлар ишлаб чиқди.

Агентликнинг қайд этишича, қишлоқ хўжалиги – дронлардан фойдаланишнинг энг самарали йўналишларидан бири ҳисобланиб, 2023 йилда жаҳон учувчисиз учиш қурилмалар бозорининг 28 фоизини ташкил қилган.

Халқаро тажрибада:

  • Полшанинг қишлоқ хўжалигида учувчисиз учиш қурилмаларини жорий қилиши сектор унумдорлигини 5 фоизгача оширди, бу эса йиллик қўшимча 2,5 млрд евро фойда келтирди.
  • Хитойда 200 мингдан ортиқ учувчисиз учиш қурилмаларидан 14,5 млн гектарга яқин экин майдонларини ишлов бериш учун фойдаланилади. Мамлакатнинг 11 вилоятида ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, пестицидларни пуркаш учун учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш бошоқли экинларнинг ҳар гектаридан соф даромадни 473 долларгача оширган.
  • Россия қурилиш соҳасида фақат қазиш босқичида молиявий харажатлар 30 фоизга камайди, лойиҳаларни етказиб беришнинг умумий муддати сезиларли қисқарди ва бузилишларни аниқлаш хавфи икки баравар камайди.
  • Кўприклар ҳолатини текширишда учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш Британиянинг Balfour Beatty компаниясига ҳар бир объект учун тахминан 10 минг долларни, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида эса шамол турбиналарини текшириш харажатларини 50 фоизга камайтириш имконини берди.

Энергетика соҳасида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш операцион самарадорликни оширади, хавфсизликни ҳамда носозликларнинг тезкор диагностикасини таъминлайди, текшириш вақтини қисқартириш билан бирга харажатларини 50 фоизга камайтиради.

  • Францияда электр узатиш линияларини учувчисиз учиш қурилмалар ёрдамида кузатиш йилига қарийб 13 млн доллар тежаш имконини берди.

Учувчисиз учиш қурилмалари юк етказишда, геология-қидирув ишларида, атроф-муҳитни назорат ва муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишда кенг қўлланилади. Бундай қурилмаларнинг 3D тасвирларни яратиш ва аэрофотографиядаги самарадорлиги юқорилиги сабабли ҳатто бозори ёпиқ ва ёки чекланган мамлакатларда ҳам қўлланилади.

Фуқаролик секторида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганидан келиб чиқиб, хорижий давлатларда тегишли қонунчилик базасини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

  • АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия ва Қозоғистонда юридик ва жисмоний шахсларга учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишга рухсат берилгани мазкур соҳанинг фаол ривожланишига хизмат қилмоқда.
  • Беларус, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатларда учувчисиз учиш қурилмаларини олиб киришишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш чекланган ва шунга мос равишда мазкур соҳанинг ривожланиши секин суръатлар билан давом этмоқда.
  • Учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишнинг кенг тарқалиши уларнинг парвозлари хавфсизлигини таъминлаш заруратини келтириб чиқарди, бу эса турли мамлакатларда учувчисиз учиш қурилмалари ҳаракатини бошқариш тизимларини яратилиши ва жорий этилишига олиб келди.

Жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон иқтисодиётининг қуйидаги тармоқларида учувчисиз учиш тизимларини ривожлантириш ва учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш зарурати мавжуд:

1. Қишлоқ хўжалигида экинлар мониторинги, тупроқ таҳлили, йиғим-терим муддатларини, суғориш даражасини аниқлаш, ўсимликларнинг ҳолати ва касалликларини аниқлаш, ўғитлар билан ишлов бериш, пестицидлар пуркаш ва суғориш самарадорлигини оширишда қўллаш мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистонда экин ерлари 4,5 млн гектар, яйлов ерлар эса 20 млн гектардан ортиқ майдонни ташкил этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатда пуркагичли учувчисиз учиш қурилмалари бозорининг ҳажми тахминан 12,5 минг донага етиш эҳтимоли мавжуд.

Ривожланаётган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида учувчисиз учиш қурилмалари технологиялари ва сунъий интеллектдан фойдаланиш яқин 5 йилда ЯИМнинг 2-5 фоиз ўсишини таъминлаши мумкин, бу эса 1,8-4,5 млрд долларни ташкил этади.

Учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш эвазига вақтни (3 баравар), сув ресурсларини (20 фоизгача) ва пуркаш воситаларини (пестицидларни 60 фоизга) тежаш, ғилдиракли транспорт воситаларидан экинларга етказилиши мумкин бўлган зарарни бартараф этиш (5 фоизгача), суғориш ва экиш ишларини аниқ бажариш ҳисобига пахта ва ғалла ҳосилдорлиги – 30 фоизгача, мева – 15 фоизгача, шоли – 25 фоизгача ошиши тахмин қилинмоқда.

2. Ёқилғи-энергетика секторида учувчисиз учиш қурилмалари электр узатиш линиялари, қуёш электр станциялари ва қувурларни, қурилиш ва таъмирлаш ишларини мониторинг қилишда, ноқонуний фаолиятни аниқлашда зарур бўлади.

3. Қурилиш соҳасида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш қурилишни режалаштириш, мониторинг ва назорат қилиш жараёнларини 10 фоизгача тезлаштиради, топографик суратга олиш, текшириш ва сифат назорати жараёнларини автоматлаштириш ҳисобига молиявий ресурсларни 5 фоизга тежайди, шунингдек, қурилишда ишчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун юзага келадиган хавфларни 20 фоизгача минималлаштиради.

4. Тоғ-кон саноати ва геологияда учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш иш жойининг умумий харитасини тузиш, геология-қидирув ишларини олиб бориш, топографик хариталарни яратиш ва янгилашда фойдаланилади.

Стратегик ислоҳотлар агентлигининг маълум қилишича, учувчисиз учиш қурилмаларини қўллаш соҳасини ривожлантириш, улардан иқтисодиёт секторларида самарали фойдаланиш, шунингдек, ҳаво ҳудудида учувчисиз учиш қурилмалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида агентлик томонидан тегишли идоралар билан биргаликда ушбу соҳадаги барча масалаларни комплекс тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланмоқда.

Мавзуга оид