Жаҳон | 06:56 / 29.06.2024
2414
2 дақиқада ўқилади

Россияда активистлар сохта «Z-шоир» номидан ижтимоий тармоққа шеърлар жойлаштиришган

Россиядаги урушга қарши активистлар «ВКонтакте» ижтимоий тармоғига ўйлаб топилган «Z-шоир» Геннадий Ракитин номидан немис нацистларининг ватанпарварлик руҳидаги шеърларини таржима қилиб жойлаб боришган. Аккаунтни ўнлаб депутатлар ва сенаторлар дўстлари сафига қўшишган.

«Ракитин» профили мавжуд бўлиб турган бир йил давомида унга Калуга профессионал адабиётчилари томонидан ўтказилган Твардовский номидаги Бутунроссия ватанпарварлик шеърияти танлови фахрий ёрлиғи топширилган. Аккаунтни эса кўплаб таниқли инсонлар, жумладан, Z-блогерлар ҳамда ўнлаб депутатлар ва сенаторлар дўстлари сафига қўшишган. «Шоир»нинг дўстлари орасида масалан Андрей Клишас ва Дмитрий Рогозин бор. Ракитиннинг «ижоди» намуналарини Z-пабликлардан ташқари Никита Михалков ва «Москва» журнали ҳам эълон қилган.

Суриштирувчи журналист Андрей Захаровнинг ҳикоя қилишича, Геннадий Ракитиннинг аккаунтини унинг урушга қарши кайфиятдаги танишлари яратишган. Профил учун фотосурат нейротармоқ томонидан яратилган. Буни бўйинга қўшилиб кетган соқолдан осонгина фарқлаш мумкин. «Шоир»нинг шахсий маълумотлари ҳам тўлиқ ўйлаб топилган.

Бир йил давомида Ракитиннинг саҳифасида нацист муаллифларнинг рус тилига таржима қилинган 18 та шеъри эълон қилинган. Асарларнинг мазмуни деярли ўзгармаган, шунчаки, Германия Россияга айлантирилган «номсиз штурмчи» «Вагнер» ХҲКнинг номсиз жангчиси дейилган. Владимир Путинга бағишланган «Лидер» шеъри NSDAP аъзоси, нацист ва антисемит Эберҳард Меллернинг «Фюрер» шеърининг таржимаси бўлиб чиқди. Россия президентига бағишланган «Портрет олдида» шеъри эса «Штурм отрядлари Ҳомери» асарининг таржимаси бўлган. Унинг муаллифи — штурмчи ва NSDAP аъзоси Ҳерберт Менцелдир. Шеърнинг оригинали Адолф Ҳитлерга бағишланган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид