Жаҳон | 11:42 / 29.06.2024
2150
3 дақиқада ўқилади

Spotify санкциялар остида қолган россиялик қўшиқчилар аккаунтини ўчириб ташлади

Мусиқий стриминг сервиси ўз маълумотлар базасидан санкцияларнинг 14-тўпламида номлари кўрсатилган ижрочиларнинг саҳифаларини чиқариб ташлади. Улар орасида Григорий Лепс, Шаман, Олег Газманов, Полина Гагарина, Юлия Чичерина ва «Любэ» бор.

Spotify мусиқа стриминг сервиси шу ҳафта бошида Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши урушини фаол қўллаб-қувватлагани учун санкциялар киритган бир қанча россиялик ижрочиларнинг саҳифаларини ўчириб ташлади. Бу ҳақда 27 июн куни Россиянинг «Родной звук» Telegram-канали хабар берди. «Биз ушбу сервис Европа Иттифоқи ва АҚШ санкцияларига дучор бўлган артистлар аккаунтларини ўчириб ташлаганини пайқадик: уларнинг карточкаларидаги барча қўшиқлар йўқолган, баъзи аккаунтлар эса ҳатто қидирувда ҳам чиқмаяпти», — дейилади хабарда

«Жабрланувчилар» орасида Полина Гагарина, Григорий Лепс, Олег Газманов, Шаман, Юлия Чичерина, «Любэ» гуруҳи ва «эҳтимол бошқалар» бор», дейилади канал хабарида. Шу билан бирга, «уларнинг мусиқалари» ҳали ҳам YouTube ва Apple Music’да мавжуд, дея қайд этади «Родной звук». 

Бир кун олдин у шунингдек, Spotify’да бир қатор россиялик ижрочилар - «асосан рэперлар»нинг саҳифалари ҳакерлик ҳужумига учрагани ҳақида хабар берган эди. «Артистларнинг сурати бузиб кирувчилар Telegram-каналига ҳавола қилиб ўзгартирилди, у ерда бузилган аккаунт сотиляпти», деб ёзган «Родной звук» кейинроқ «санкция остидаги артистлар» қўшиқларидан фарқли ўлароқ, рэперларнинг барча релизлари жойида қолганига аниқлик киритиб.

Spotify 2022 йил апрел ойида Россиядаги фаолиятини тўхтатди 

Мусиқий треклар, аудиокитоблар ва подкастларни ўз ичига олган дунёдаги энг йирик стриминг сервиси Spotify 2006 йилда Стокҳолмда ташкил этилган. Унинг хизматларидан ойига 600 миллиондан ортиқ киши фойдаланади, уларнинг учдан бир қисми - пулли обуна бўйича. 

Россияда сервис расман 2020 йил июл ойида ишга туширилган. 2022 йилнинг апрел ойидан бошлаб Spotify Россия ҳарбийларининг Украинага ҳужуми сабабли мамлакатдаги фаолиятини тўхтатди. Кейинчалик компания Россиядаги ваколатхонасини расман ёпди ва юридик шахсни тугатди. 

14-санкция пакети 24 июндан кучга кирди

24 июн куни Европа Иттифоқи кенгаши Украинага қарши давом этаётган ҳарбий тажовуз учун Россияга қарши жорий қилинган 14-санкция пакетини маъқуллади. Россиянинг суюлтирилган газини (СТГ) Европа портлари орқали реэкспорт қилишни тақиқлаш, шунингдек, Россия флоти танкерларига қарши асосий тақиқ бандларига қўшимча равишда, Европа Иттифоқи 61 юридик шахс ва 55 фуқарога нисбатан санкция киритди.

Янги санкциялар рўйхатига, жумладан, бизнесменлар Игор Алтушкин, Роман Троценко ва Таймураз Боллоев, актёр Иван Охлобистин, блогер Вячеслав Манучаров ва кейинчалик Spotify томонидан аккаунтлари ўчириб ташланган барча «мусиқий ижрочилар» кирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид