Ўзбекистон | 19:15 / 02.07.2024
6622
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Тошкент метрополитени ёпиқ вестибюллар масаласида изоҳ берди

Қайд этилишича, очилганидан бери ёпиқ турган 5 та метро бекатининг 2-вестибюли учун лойиҳалар ишлаб чиқилиб, эскпертизадан ўтказилган. Ҳозирда қурувчи ташкилотни аниқлаш бўйича тендер ўтказилмоқда, бир ой ичида ишлар бошланиши маълум қилинди.

Kun.uzʼнинг пойтахт метросидаги ёпиқ вестибюллар ҳақида ёзган хабаридан сўнг Тошкент метрополитен хизмати расмий изоҳ билдирди. Унга кўра, бундан 30-40 йил илгари барпо этилган ерости бекатларидан бештасида, яъни «Миллий боғ», «Машинасозлар», «Ўзбекистон», «Ғафур Ғулом» ва «Юнус Ражабий» бекатларининг иккинчи вестибюлларида қурилиш ишлари охирига етказилмаган ҳолатда фойдаланишга топширилган.

Таъкидланишича, 2023 йилда «Тошкент метрополитени» ДУК томонидан бу вестибюллар фаолиятини йўлга қўйишга доир ташаббуслар тегишли тартибда ҳукумат муҳокамасига тақдим этилган ва ҳукумат томонидан бу ишлар амалга оширилишига рухсат берилган.

Шундан сўнг, Тошкент метрополитени қошида очилган «Тошметротранс» МЧЖ лойиҳа институти томонидан барча ёпиқ вестибюлларни ишга тушириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасига топширилган. Ҳозирга келиб, лойиҳалар бўйича тегишли хулосалар олинган бўлиб, қурилишни амалга оширувчи ташкилот аниқланиши учун бу лойиҳа тендерга жойлаштирилгани маълум қилинди.

«Бу жараён босқичма-босқич шаклда амалга ошишини инобатга олган ҳолда, қурилиш ишлари яқин бир ой муддатда бошланади. Қурилишнинг тугаш муддати хусусида эса қурилиш жараёнларининг техник ҳолатига кўра қўшимча маълумот тақдим этилади», – дейилади хабарда.

Шунингдек, «Халқлар дўстлиги» бекатидаги мавжуд эскалаторни янгисига алмаштириш мақсадида ёпилган иккинчи вестибюлда ишлар амалга оширилаётгани, унинг фаолияти бир ой муддатда қайта йўлга қўйилиши айтилди.

Мавзуга оид