Жаҳон | 22:08 / 03.07.2024
8914
2 дақиқада ўқилади

Марк Фейгин: «Арестович Кремлдан пул олиб, унинг манфаатига ишламоқда»

Россиялик ҳуқуқчи ва журналист, «Фейгин LIVE» YouTube канали муаллифи Марк Фейгин уруш бошлангач у билан бирга 1,5 йил эфир олиб борган украиналик сиёсатчи Алексей Арестовични Кремлга ишлашда айблади.

Фото: president.gov.ua

Фейгин бу ҳақда Нино Росебашвилига берган интервюси давомида айтган. Суҳбат давомида ўз вақтида Зеленский маъмурияти аъзоси бўлган Алексей Арестовичнинг россиялик журналист Ксения Собчакка интервю бергани муҳокама қилинган. Фейгин бу саволга жавоб берар экан Арестович Кремл ишонган одамлардан пул олишини айтган.

«Арестович антиукраиначи пропаганда вакилига айланди. Собчакка интервю берди. Энди навбат кимга, Соловев ёки Скабеевагами?» деган Фейгин. Унинг сўзларига кўра, Арестовичга Кремл ишонган бир қатор одамлар, хусусан, Виктор Медведчук томонидан молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Воситачи сифатида эса гўёки журналист Алексей Венедиктов иштирок этган.

«Биз эфирга чиқмай кетганимиздан кейин Арестовичга Украина президенти бўлиш истаги пайдо бўлди. Албатта, бунга ҳамманинг ҳаққи бор, унда керакли билим, маълумотлар ҳам йўқ эмас, лекин у негадир истагига ҳар қандай йўл билан эришишга тайёр бўлиб қолди. Кремл эса унинг бу истагидан фойдалана бошлади», деган Фейгин.

Маълумот учун, Фейгин ва Арестович Россиянинг Украинага босқини бошлангач, ҳар куни YouTube'да жонли эфирлар қилиб, фронтдаги ҳолатни таҳлил қилиб боришарди. Эфирлардан бирида Арестович Украинадаги уйлардан бири ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб туширган ракета қолдиқдари оқибатида вайронага айлангани ҳақида хабар беради. Киев эса уй руслар ракетаси келиб тушиши оқибатида вайрон бўлганини маълум қилганди.

Шундан кейин уруш бошида Зеленский маъмуриятида бўлган Арестович ҳукуматдан узоқлашди ва Фейгин билан эфирларни ҳам тўхтатди. Кейин Украинани тарк этиб, Киевни танқид қилишга ўтди. Унга қарши Украинада ҳам, Россияда ҳам жиноий иш очилган.

Мавзуга оид