Путин: Истанбул келишувлари Россия ва Украина музокаралари учун асос бўлиши мумкин
Россия президенти Владимир Путин Истанбул келишувларидан ҳамон Украинадаги можарони якунлаш учун асос сифатида фойдаланса бўлишини таъкидлади. У навбатдаги марта Россия музокаралардан қочмагани, тинчлик билан тартибга солиш шартларини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммитида чиқиш қилар экан, Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга Украина билан сулҳ имзолаш учун Истанбул келишувларини ишлаб чиққани учун ташаккур билдирган. Россия президентининг сўзларига кўра, 2022 йилнинг март ойида Россия ва Украина ўртасидаги юзма-юз музокаралар чоғида ишлаб чиқилган ўт очишни тўхтатиш бўйича шартлар ва принциплар «ҳеч қаерга кетмаган».
«Бу келишувлар Украина музокара делегацияси томонидан параграфларга бўлиб чиқилган эди, демак, афтидан, Украинани қониқтирган ва Истанбул келишувлари «стол» устида турибди ҳамда мазкур музокараларни давом эттириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин», — деган Путин.
Россия президенти саммит иштирокчиларига можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича «самимий ва конкрет таклифлари» учун ташаккур билдирган ва Россия ҳеч қачон музокараларни рад этмаганини эслатиб ўтган.
«Россия, маълумки, ҳеч қачон музокаралардан қочмаган ва ҳозир ҳам уларни давом эттиришга тайёр. Музокаралардан айнан Украина бош тортган, боз устига буни очиқчасига, Лондоннинг тўғридан тўғри кўрсатмасига кўра амалга оширган, ҳеч бир шубҳасиз, бу буйруқ Вашингтондан ҳам берилган, бу ҳақда Украина расмий шахслари тўғри ва очиқ айтишмоқда»,— дея қўшимча қилган Путин.
Ўт очишни тўхтатиш ва можарони тинч йўл билан ҳал қилишнинг дастлабки шартлари ва принциплари Россия ва Украина томонидан 2022 йилнинг 29 мартида Истанбулда бўлиб ўтган юзма-юз музокаралар чоғида ишлаб чиқилган эди. Истанбул келишувлари пакетига Украинанинг НАТОга аъзо бўлишдан ва ядровий қурол ишлаб чиқаришдан воз кечиши ўрин олган эди. Бунинг эвазига Киев «НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш» халқаро хавфсизлик кафолатларига эга бўларди (Қрим, «ДХР» ва «ЛХР» ҳудудларидан ташқари).
2022 йилнинг 14 майида Владимир Путин Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар Украина томонининг қизиқиши йўқолгани сабабли бутунлай тўхтаб қолганини айтганди. Музокараларда Украина делегациясига раҳбарлик қилган Олий рада депутати 2023 йилнинг ноябрида Россия билан музокаралардан воз кечишга Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Борис Жонсон тавсия берганини таъкидлаган. Жонсоннинг ўзи кейинроқ музокара жараёнларининг барбод бўлишига унинг алоқадорлиги «сафсата ва Россия пропагандаси» эканини айтган.
Мавзуга оид
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» номли ўрта масофага учувчи баллистик ракета билан зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024