“БМТ 80 йил олдин бошқа дунё учун тузилганди” — дунё тартиботи ҳақида Содиқ Сафоев билан суҳбат
БМТ тузилганида, унинг бош вазифаси дунёда тинчликни сақлаш деб белгиланган эди, лекин ҳалигача инсониятнинг урушлардан боши чиқмаяпти. Kun.uz мухбири Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан, борган сари кўпроқ танқидга учраётган бу ташкилот ҳақида Сенат раисининг биринчи ўринбосари, собиқ ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев билан суҳбатлашди.
Дипломат Сафоевга кўра, БМТ бутунлай бошқа дунё учун тузилган эди. Бугун жаҳонда тартибот ўзгариб кетди, ташкилот эса ўз ҳолича қолмоқда.
Бундан 79 йил аввал, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг ўша вақтдаги гигант давлатлар глобал ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилотини тузишга қарор қилишади. 1945 йилнинг 24 октябрдан эътиборан тузилма ўз фаолиятини расман бошлайди. Бугунга келиб БМТга 193 та давлат аъзо. Ташкилотга аъзолик халқаро майдоннинг тенг ҳуқуқли субъекти имижини беради.
БМТ Низомига кўра, тузилманинг асосий вазифаси – инсониятни уруш деган балодан асраш, урушни келтириб чиқарувчи омилларга қарши курашиш, халқаро хавфсизликни таъминлаш, дунё тинчлиги учун коллектив чораларни кўришдан иборат. Лекин айни дамда инсоният барибир урушлар, низолардан азият чекмоқда. Жонлар қурбон бўлмоқда, инсонни ўлдириш учун пул тикиляпти. Бу эса, албатта, халқаро ташкилот ва “Тинчлик саройи” дейиладиган БМТнинг нуфузи ва обрўйига соя солади.
Содиқ Сафоевга кўра, БМТни ислоҳ қилиш даври аллақачон етиб келган. Чунки ташкилот бутунлай бошқа дунё учун тузилган. Бундан ташқари, БМТнинг муҳим операцион тузилмалари кўпроқ донор давлатлар – бой ва гигантлар манфаатини кўзлаши билан худди “элиталар клуби”га ўхшайди,
Шунингдек, суҳбатдошимиз фикрича, халқаро муаммоларга ечимни фақат БМТдан излаш ва кутиш – катта хато.
“Ёшлигимизда шундай одамлар бўларди, мен пойтахтга хат ёзаман. Агар у ерда ҳам ҳал бўлмаса, БМТга чиқаман, дейишарди. Бу хато ва нотўғри тушуниш. БМТ – бу халқаро ҳукумат эмас”, дейди у.
БМТнинг бош маъмурий ходими – бош котиб ҳисобланади. Португалиялик дипломат Антонио Гутерриш 2017 йилдан бери ушбу лавозимда фаолият юритмоқда. У 30 июн–1 июл кунлари Марказий Осиёга сафари доирасида Ўзбекистонда бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев уни олий даражадаги “Дўстлик” ордени билан тақдирлади. Сафоевга кўра, учрашувлар давомида Гутерриш ўзининг биринчи марта Ўзбекистонга сайёҳ сифатида келган даврларини ёдга олган.
“Биринчи марта Ўзбекистонга сайёҳ сифатида бундан 20 йил олдин келгандим. Ҳозирги давлат билан солиштириб бўлмайди, ўзгаришлар катта”, дея Гутерришдан иқтибос келтиради Сенат раисининг биринчи ўринбосари.
Бундан ташқари, Сафоев БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ҳали-ҳануз ўзгармай келаётгани, Ҳиндистон, Япония, Германиядек глобал кучларнинг ҳам бу тузилмада йўқлиги, доимий аъзоларнинг вето ҳуқуқи кўплаб масалаларни боши берк кўчага киритиб қўяётганини айтди.
“Кун келиб Ўзбекистон ҳам ушбу кенгаш аъзоси бўлиши керак”, – дейди Сафоев.
Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
07:50
БМТ РФнинг Днипрога баллистик ракета зарбасидан хавотирда
15:22 / 21.11.2024
Бокудаги COP29: иқлим ўзгаришига мослашиш харажатларини ким тўлайди?
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
00:36 / 19.11.2024