Ўзбекистон | 20:34 / 05.07.2024
11820
2 дақиқада ўқилади

“Маҳсулотлар қайта лаборатория текширувларидан ўтказилмоқда” – Санэпидқўмита анор таъмли ичимлик бўйича маълумот берди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига кўра, Афғонистонда ишлаб чиқарилган анор таъмли Golden life ичимлигининг Ўзбекистонга келтирилган партияларидан заҳарли ёки инсон саломатлигига зарар келтирувчи моддалар аниқланмаган. Ҳозирда ушбу маҳсулотдан қайта намуналар олиниб, лаборатория текширувларидан ўтказилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Афғонистонда ишлаб чиқарилган анор таъмли ичимлик таркибида заҳарли моддалар аниқланганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ушбу маҳсулот Ўзбекистонга ҳам олиб кирилган. Ҳар бир партия тегишли лаборатория текширувларидан ўтказилиб, келтирилган маҳсулот партиясига санитария-эпидемиологик хулосалар берилган.

“Келтирилган маҳсулотлар таркибида заҳарли ёки инсон саломатлигига зарар келтирувчи моддалар аниқланмаган. Ҳозирда Афғонистонда ишлаб чиқарилган анор таъмли маҳсулотлардан қайта намуналар олиниб, назорат тартибида лаборатория текширувлари олиб борилмоқда”, дейилади Санэпидқўмита расмий муносабатида.

Қўшимча қилинишича, бугунги кунга қадар аҳоли томонидан айнан ушбу маҳсулотнинг сифатсизлиги ва истеъмол қилиш оқибатида заҳарланганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушмаган.

Аввалроқ Қирғизистон ҳукумати Golden life анор таъмли газланган ичимлик сотувини тақиқлагани, лаборатория текширувларида ушбу маҳсулот таркибида болалар саломатлигига зарар берадиган азорубин E-122 бўёғи аниқлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид