Ўзбекистон | 14:10 / 09.07.2024
7128
2 дақиқада ўқилади

Энди ҳокимлар бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгаш раиси бўлолмайди

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгаши раиси бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Фото: Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгаши раиси бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, янги таҳрирдаги Конституцияда халқ депутатлари кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши ҳамда вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслигини назарда тутувчи янги норма ўз аксини топган. Шу билан бирга, янги конституциявий-ҳуқуқий шароитларда ҳоким ва маҳаллий кенгаш раиси лавозимлари ажратилаётгани амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқармоқда.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимлар ҳамда маҳаллий кенгашларнинг ваколатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар белгиланмоқда:

– маҳаллий кенгашлар фаолиятига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши;

– халқ депутатлари кенгаши раиси ўз вазифаларини бажариш даврида доимий ва бошқа комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмаслиги;

– кенгашлар йиғилишларида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганида номзод маҳаллий кенгаш депутатларига ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши шартлиги;

– маҳаллий кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда (e-qaror.gov.uz) рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши, рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши.

Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлиги янада оширишга, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид