Жаҳон | 13:53 / 10.07.2024
34028
10 дақиқада ўқилади

Бир сурат тарихи — Нагасакида атом бомбаси ташланганда ўлган укасини крематорийга топшириш учун навбатда турган бола ким эди?

1945 йил август ойи бошларида АҚШ ҳарбийлари Хиросима ва Нагасакига атом бомбаси ташлашади. Оқибатда, 300 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлади. Тирик қолганлар ногиронга айланади. Кўп ўтмай АҚШ армияси Японияга киради. Ҳарбийлар орасида фотограф ҳам бор эди ва у Нагасакига бориб суратлар олган. Унинг суратлари орасида ўлган укасини крематорийга топшириш учун навбатда турган бола сурати ҳам бор.

Бугун вафот этган укасини кўтариб олган япон бола сурати ижтимоий тармоқларда тез-тез учрайди. Хўш, бола ким ва сурат қачон тасвирга туширилган?

Маълум бўлишича, суратнинг номи “Крематорий олдида турган бола” (ёки “Крематорий олдида турган нагасакилик бола”) деб номланади. (Крематорий – ўликларни ёқиш йўли билан йўқ қилинадиган жой номи) Сурат америкаликлар Нагасакига атом бомбаси ташлагандан сўнг бир неча кун ўтиб туширилган.

Суратни АҚШ денгиз пиёда қўшинлари корпусида хизмат қилган Жо О'Доннелл олган. Бу шахс урушгача ва ундан кейин фотографлик қилган бўлиб, унинг фотосуратлари анча машҳур.

Японияга атом бомбасининг ташланиши

1945 йил 6 август куни АҚШнинг B-29 (Enola Gay) бомбардимончи самолёти (экипаж командири полковник Пол Тиббетс) Япониянинг Ҳиросима шаҳрига Little Boy (“Кичик бола”) деб аталган атом бомбасини ташлайди. Бу бомбанинг кучи 13–18 килотонна тротил эквивалентига тенг эди.

Орадан уч кун ўтиб, 9 август куни учувчи Чарльз Суини бошлиқ бўлган B-29 Bockscar бомбардимончи самолёти Fat Man (“Бақалоқ”) атом бомбасини Нагасаки шаҳрига ташлайди. Бу бомбанинг кучи 21 килотонна тротил эквивалентига тенг бўлган.

Атом бомба портлашидан сўнг Хиросима шу кўринишга келган. Шаҳарда биронта соғ бино қолмаган.
alamy.com

Ҳиросимага ташланган бомба ерга етмасдан 500 метр баландликда портлайди. Оқибатда ҳавода кучли овоз ва чақин содир бўлади ҳамда ундан ҳосил бўлган кучли иссиқ шамол ерга қараб йўналади ва бутун Ҳиросима олов ичида қолади.

Портлаш эпицентридан 2 километр радиусда бўлган одамлар ўша заҳоти куйиб кетади. Портлаш тўлқини эпицентрдан 19 километргача бўлган масофадаги ойналарни синдириб юборади. Портлаш пайтида унинг иссиғи етиб бормаган одамлар орадан бироз ўтиб ёнғинлар ва радиация тўлқини туфайли ҳалок бўлади.

Ўша пайтда Ҳиросимада 340 минг киши яшаган ва бомба портлаши оқибатида уларнинг 166 минг нафари ҳалок бўлган. Бошқа бир манбада атом бомба ташланиши пайтида Ҳиросимада 245 минг нафар аҳоли бўлгани ва улардан қарийб 200 минг нафари ҳалок бўлгани келтирилади.

Хиросимадан кичикроқ бўлган Нагасаки иккита кичик дарё водийсида жойлашган, шаҳарни кичик тоғ тизмаси иккига ажратиб туради. Нагасакида ҳам порт борлиги сабабли у Япония ҳарбийлари учун муҳим нуқта саналган.

Шунингдек, бу шаҳарда Япония армияси учун ҳарбий техникалар ишлаб чиқарган Mitsubishi заводлари жойлашган эди. Бундан ташқари, ўша пайтда Нагасакида ҳарбий кемалар ҳам ишлаб чиқарилган.

Атом бомба портлашидан кейинги Нагасаки
alamy.com

Нагасаки шаҳри атом бомбаси ташлангунча унча жиддий ҳужумга учрамаган ва вайрон бўлмаган эди. Шаҳарда урушгача 250 минг нафар, атом бомбаси ташланиши арафасида эса 200 минг нафар аҳоли бўлган. Атом бомбаси ташланиши туфайли уларнинг ярми ҳалок бўлган.

Нагасакига ташланган бомба ҳам ердан 500 метр тепада портлайди. Портлашдан сўнг кучли овоз ва чақнаш билан целсий бўйича минг даражадан ошадиган иссиқ тўлқин шаҳар бўйлаб ёпирилади.

Портлаш эпицентридан 2000 метр радиусда бирор-бир тирик жон қолмайди, ҳаммаси куйиб кетади. Қолганлар эса шаҳарни қоплаган кучли ёнғин ва радиация туфайли ҳалок бўлади. Нагасакига ташланган бомбанинг портлаш кучи 21 килотоннага етади.

Атом бомбаси портлашидан сўнг ҳар икки шаҳар ўликларга тўлиб кетади. Одамларнинг бир қисми портлаш тўлқини туфайли, бошқалари эса радиация нурларидан заҳарланиб ҳалок бўлади.

АҚШ ҳарбийлари томонидан иккита шаҳарнинг батамом вайрон этилгани хабарини олган Япония бош вазири Кантаро Сузуки ва ташқи ишлар вазири Того Сигенори зудлик билан иттифоқчиларга сўзсиз таслим бўлишга рози экани ҳақида хабар юборади.

Шу тариқа, 1945 йил 15 август куни Япония таслим бўлгани эълон қилинади ва шу билан Иккинчи жаҳон уруши тугайди. Япониянинг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги ҳужжатлар бироз кейинроқ, 1945 йил 2 сентябрда имзоланади.

Жо О'Доннелл ким эди?

Япония таслим бўлгандан сўнг мамлакатга АҚШ ҳарбийлари кириб келишади. Улар орасида турли касб вакиллари ҳам бор эди. Фотограф Жо О'Доннелл ҳам улардан бири эди.

alamy.com

АҚШ денгиз-пиёда қўшинлари таркибидан хизмат қилган бу шахс Японияга қарши урушда қатнашган. Японлар таслим бўлганидан сўнг ўз бўлинмаси билан бу мамлакатга кириб борганди.

Жо хизмат қилган бўлинма Японияга 1945 йил 28 август куни биринчилардан бўлиб кириб боради. Шунда Жо ўз командирларидан яширинча Нагасакига боради ва у ерда кўплаб фотосуратларни тасвирга туширади. “Крематорий олдида турган бола” фотосурати ҳам ўшанда олинган эди.

Урушдан сўнг АҚШга қайтиб борган Жо О'Доннелл Вашингтонда ўз шахсий фотостудиясини очади. Кўп ўтмай уни Оқ уйга чақиришади ва АҚШ президенти жамоасида фотограф сифатида ишлай бошлайди.

Жо О'Доннелл ўз фаолияти давомида Ҳарри Трумэн ва Жон Кеннедининг кўплаб фотосуратларини олган. 1968 йилда у Оқ уйдаги хизматдан кетади.

Жо О'Доннелл Нагасакида тасвирга олган суратларини ҳеч қаерда эълон қилмайди ва узоқ вақт уйида сақлайди. Сабаби, ўша пайтда Нагасакида ҳолат жуда аянчли кўринишда бўлган.

Жо О'Доннелл  Нагасакида тасвирга туширган суратлардан бири
hamusoku.com

Қолаверса, урушдан сўнг Япония ва АҚШ иттифоқчиларга айланишади. Агар Жо О'Доннелл суратларни эълон қилса, Япония аҳолисида АҚШга нисбатан нафрат уйғониши ва бу икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга таъсир қилиши мумкин эди. Шу сабабли ҳам фотограф суратларни ҳеч қаерда эълон қилмайди.

1989 йилда 77 ёшли Жо О'Доннелл Кентукки штатида яшайдиган синглисиникига боради. Ўша ерда у Японияга атом бомба ташланганда тирик қолган қизча Садако Сасакининг расмига кўзи тушади.

(Садако ота-онаси билан Хиросимада яшаган ва америкаликлар бу шаҳарга атом бомбаси ташлаганда нурланиб ногирон бўлиб қолган. У 12 ёшида вафот этган.)

Радиация билан нурланиб 12 ёшида вафот этган Садако Сасаки
alamy.com

Шундан сўнг Жо О'Доннелл уйидаги Нагасакида тасвирга туширилган суратларни эслайди ва уларни саралаб эълон қилади. Фотограф ўта аянчли кўринишдаги суратларни эълон қилмайди.

Жо О'Доннелл эълон қилган суратлар орасида “Крематорий олдида турган бола” фотосурати ҳам бор эди.

“Крематорий олдида турган бола” фотосурати

“Крематорий олдида турган бола” фотосуратида елкасига атом бомбаси портлаши туфайли ўлган укасини кўтариб олган бола тасвири ҳам бор. Жо О'Доннелл уни Нагасакида крематорий олдида навбатда турган пайтида тасвирга олган.

Ўша дамни фотограф шундай эслайди:

“Мен ўн ёшлардаги бир бола ўтиб кетаётганини кўриб қолдим. У ёш болачани орқасига боғлаб олган ҳолда кўтариб юрарди. Ўша пайтларда Японияда биз болаларнинг акалари ёки опа-сингиллари билан ўйнаётганини кўрардик. Лекин бу бола аниқ бошқача эди. Мен унинг бу ерга (крематорийга) жиддий сабаб билан келганини кўрдим. Бола ялангоёқ ва унинг юзи ҳорғин эди. Елкасидаги болачанинг боши орқага осилиб қолган, у худди қаттиқ ухлаб қолгандай кўринарди. Бола шу ерда беш-ўн дақиқа турди. Сўнг оқ ниқобли эркаклар унга яқинлашиб, жимгина болачани ушлаб турган арқонни еча бошлашди. Ўшанда мен болача аллақачон ўлганини кўрдим. Эркаклар жасадни қўллари ва оёқларидан ушлаб, оловга қўйишди. Бола гавдасини тик тутган ҳолда қимир этмай, оловга қараб турарди. Шунда бола пастки лабини шу қадар қаттиқ тишлади ва ундан қон оқа бошлади. Олов қуёш ботаётгандек оҳиста ёнарди. Бола ўгирилиб, индамай кетди”.

alamy.com

Фотограф суратларни эълон қилганидан сўнг Япония хотиралари ҳақида китоб ёза бошлайди. Мазкур китоб 1995 йилда Японияда, кейинроқ АҚШ ва бошқа давлатларда “Япония 1945, юкхонадаги сурат” номи билан чоп этилади.

“Крематорий олдида турган бола” фотосурати эълон қилингач Нагасакидаги Тинчликни тарғиб қилиш бошқармаси раҳбари Ёситоси Фукахори болани қидиришни бошлайди.

У боланинг суратини тарқатиб, у ҳақда биладиганларни ўзи билан алоқага чиқишни сўрайди. Шундан сўнг жуда кўп японлар унга хат ёзишади, қўнғироқ қилишади ва суратдаги болани танишларини айтишади.

The Japan News

Турли одамлар турлича исм-шарифлар айтишгани учун боланинг кимлигини, у тирик қолганми йўқми аниқлаб бўлмайди.

Суратни синчиклаб текшириб кўришганда укасининг ўлигини кўтариб турган болада радиация билан заҳарланиш аломатлари борлиги аниқланади. Шундан келиб чиқиб, у узоқ яшамаган деган хулосага келинади.

2020 йил 8 август куни Япониядаги энг оммабоп телеканаллардан бири NHK томонидан суратга олинган “Нагасакилик болани қидириб” номли ҳужжатли филм намойиш этилади.

Жо О'Доннелл Нагасакида тасвирга туширган сурат
amazon.co.jp

Филмда “Крематорий олдида турган бола” сурати тарихи ҳикоя қилинади. Филмда қатнашган турли мутахассислар, тиббий экспертлар суратдаги болада нурланиш касаллигига чалинганлик аломатлари борлигини, бундай ҳолда узоқ яшаб бўлмаслигини айтишган.

Мазкур филм 2021 йилда Американинг бир нечта телеканалларида ҳам намойиш этилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади. 

Мавзуга оид