Ўзбекистон | 11:29 / 10.07.2024
4505
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли лойиҳаси бўйича халқаро шартномани тасдиқлади

Транспорт вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.

Президентнинг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Huquqiy axborot” канали хабар берди.

Қарорга кўра, Хитой Ҳукумати, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли лойиҳасини биргаликда амалга оширишда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битим тасдиқланган. Мазкур Битим 2024 йил 6 июн куни Пекин шаҳрида имзоланган.

Транспорт вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, 6 июн куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим имзоланганди.

Мазкур темирйўл Хитойни минтақамиз билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Келгусида ушбу йўл бизнинг мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради”, деганди Шавкат Мирзиёев тадбир иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.

Битимга мувофиқ, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли “Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон” йўналиши бўйлаб ўтади. Мутахассисларнинг қайд этишича, юк ташиш йиллик ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар яратилади.

«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилиши октябр ойида бошланиши мумкин. Лойиҳанинг қиймати, дастлабки маълумотларга кўра, 4,7 млрд долларни ташкил этади.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид