Ўзбекистон | 17:41 / 11.07.2024
3570
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси “Инсон” АЖ суғурта ташкилотига нисбатан иш қўзғатди

Суғурта ташкилоти томонидан ҳайдовчилар сони чекланмаган ҳолда фойдаланиш шарти билан расмийлаштирилган электрон суғурта полислари бўйича суғурта товони тўлаб берилмаётгани аниқланган.

Фото: Getty Images

Рақобат қўмитаси томонидан “Инсон” АЖ суғурта ташкилотига нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қўмитага истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинган. Жараёнда “Инсон” АЖ суғурта ташкилоти томонидан ҳайдовчилар сони чекланмаган ҳолда фойдаланиш шарти билан расмийлаштирилган электрон суғурта полислари бўйича суғурта товони тўлаб берилмаётгани аниқланган.

“Амалиётда суғурта полиси ҳайдовчилар сони чекланмаган ҳолда фойдаланиш шарти билан расмийлаштирилганда полиснинг 7-бандидаги “Транспорт воситаси эгасининг ихтиёри билан мазкур транспорт воситасидан фойдаланиш ва уни бошқаришга қўйиладиган яқин қариндошлари (ота, она, эр/хотин, ўғил, қиз, ака, ука, опа, сингил)” қаторлари тўлдирилмайди.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ушбу транспорт воситасидан мустақил фойдаланиши ва бошқариши мумкинлиги белгиланган. Қолаверса, мазкур ҳаракат учун ишончнома талаб қилиш тартиби 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинган.

Шунга қарамасдан, суғурта ташкилоти томонидан суғурта товони тўлаб берилмаган. Бунга сабаб сифатида чекланмаган суғурта полисида транспорт воситаси эгаси яқин қариндошларининг исм-шарифлари ва қариндошлик даражаси кўрсатилмагани ҳамда шу сабабли уларнинг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанмагани важ қилиб кўрсатилган”, дейилади қўмита хабарида.

Ҳолат бўйича қўмита томонидан “Инсон” АЖ суғурта ташкилотига нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси бузилиши аломатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.

Мавзуга оид