UzAirways йўловчига махсус овқат бермагани учун жавоб беришига тўғри келди
Туркия фуқароси Истанбул–Тошкент рейсига чипта сотиб олаётганда келишувга алоҳида банд киритган, лекин бу банд бажарилмай қолган. Боз устига, у ўтирган ўриндиқнинг санитар ҳолати талабга жавоб бермаган. Чет эл фуқароси Ўзбекистон Рақобат қўмитасига мурожаат қилиш орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилди.

Фото: Kun.uz
Туркия фуқароси Uzbekistan Airways'нинг хизматидан шикоят қилиб, Ўзбекистон Рақобат қўмитасига мурожаат қилди.
Мурожаатда айтилишича, авиакомпаниянинг Анқара–Тошкент рейсида йўловчига унинг соғлиги учун муҳим бўлган махсус (глютенсиз) овқат берилмаган.
Бундан ташқари, мурожаатда самолёт салонининг санитария-гигиена ҳолати талабга жавоб бермагани – йўловчи ўтирган жойда олдинги рейсдан қолган чиқиндилар мавжудлиги ҳам кўрсатилган.
“Йўловчи чипта сотиб олиш чоғида ўз соғлиғи билан боғлиқ вазиятни олдиндан авиакомпания билан келишиб олган ва авиакомпания ушбу махсус овқат рейсда таъминланишини кафолатлаган эди. Бироқ, парвоз куни бу талаб бажарилмаган”, – дейилади Рақобат қўмитаси тарқатган хабарда.
Қўмита томонидан “Uzbekistan Airways” АЖга юборилган сўров бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижасида йўловчи ҳақлиги, махсус овқат Анқара аэропортидаги кейтеринг хизмати томонидан етказиб берилмагани тасдиқланди.
Натижада, йўловчига етказилган маънавий ва моддий зарарни қоплаш мақсадида авиакомпания томонидан истеъмолчининг кейинги рейсида хизмат кўрсатиш классини бизнес-классга ошириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Шу билан бирга, самолёт салонидаги санитария-гигиена ҳолати бўйича ҳам масъул ташкилотга қўшимча назорат чоралари ўрнатилиши белгиланди, дейилади истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органи ахборотида.
Мавзуга оид

01:01 / 15.04.2025
Uzbekistan Airways Тошкент—Жидда рейсларида Умра визасига эга йўловчиларни қабул қилишни тўхтатди

14:42 / 11.04.2025
Рақобат қўмитаси қурилишни вақтида тугалламаган қурилиш компаниясига нисбатан иш қўзғатди

16:44 / 09.04.2025
Uzbekistan Airways янги самолётларида интернетдан фойдаланиш имконияти бўлади

22:21 / 08.04.2025