Жамият | 18:17 / 11.07.2024
28895
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда 13 ёшли қиз яшаш уйида қотиллик аломатлари билан топилди

Ҳодиса жойидан бармоқ излари, 2 дона ёстиқ, 2 дона пиво спиртли ичимлигининг елим идиши, 2 дона қулфлар ашёвий далил тариқасида олинган. Суд тиббий экспертизаcининг бирламчи маълумотига кўра, қизнинг ўлимига бўйин аъзоларининг қисилиши, бўғиш натижасида келиб чиққан механик асфикция сабаб бўлган. Гумонланувчини қидириб топиш бўйича вилоят ИИБга алоҳида топшириқ берилган.

Янгиер шаҳрида 2011 йилда туғилган қизнинг жасади яшаш уйида жонсиз ҳолатда топилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 3 июл куни соат 19:30 ларда Янгиер шаҳри Шукрона маҳалласидаги уйларнинг бирида ижара асосида яшовчи С.М. Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилиб, шу куни соат 19:00 атрофида ишдан яшаш хонадонига келганида уйнинг меҳмонхона қисмида 2011 йилда туғилган фарзанди С.К.нинг жасади ётганини маълум қилган.

Ҳодиса содир бўлган жой тезкор-тергов гуруҳи аъзолари иштирокида кўздан кечирилиб, процессуал тартибда баённома расмийлаштирилган. Ҳодиса жойидан бармоқ излари, 2 дона ёстиқ, 2 дона пиво спиртли ичимлигининг елим идиши, 2 дона қулфлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Марҳума С.К.нинг мурдаси ташқи томондан кўздан кечирилганда, унинг олд пешона соҳаси чап томонида, бўйин олд соҳаси чап ва ўнг юзаси ўрта қисмида, чап сон соҳаси ўрта қисмида кўкимтир тусдаги қонталашлар ва қорин олд девори ўнг ёнбош соҳасида кўндаланг жойлашган чизиқли шилинма каби жароҳатлар борлиги аниқланган.

Марҳума С.К.нинг мурдаси кўздан кечирилиб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Янгиер туманлараро суд тиббий экспертизаcининг бирламчи маълумотига кўра, марҳуманинг ўлимига бўйин аъзоларининг қисилиши, бўғиш натижасида келиб чиққан механик асфикция сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 3 июл куни Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қўшимча қилинишича, жиноят содир этганликда гумон қилинаётган Ю.Х.ни қидириб топиш бўйича вилоят ИИБга алоҳида топшириқ берилган.  

Мавзуга оид