Жаҳон | 11:02 / 12.07.2024
10160
4 дақиқада ўқилади

Россия махсус хизматлари Германиянинг энг йирик мудофаа концерни раҳбарини ўлдиришга уринган

АҚШ разведкаси шу йилнинг бошида Россия махсус хизматлари Германиянинг Украина учун артиллерия снарядлари ва ҳарбий техникалар ишлаб чиқараётган энг йирик Rheinmetall қурол-яроғ концерни раҳбари Армин Паппергерни ўлдириш режасини ишлаб чиқаётганини аниқлаган, деб ёзади CNN америкалик ва европалик бешта манбага асосланиб.

Фото: essanews.com

Олинган маълумотни америкаликлар немис ҳамкасбларига узатишган ва бир қатор оператив тадбирлардан сўнг улар суиқасднинг олдини олишган.

Паппергерни ўлдиришдан ташқари Кремл Киевга қурол-яроғ етказиб бераётган ғарбдаги бошқа мудофаа корхоналари раҳбарларига суиқад уюштиришни режалаштирган, бироқ Rheinmetall раҳбарини йўқ қилиш режаси бошқаларига нисбатан пухта ўйланган.

Россия сўнгги олти ойдан буён ёлланган маҳаллий аҳоли вакилларидан фойдаланиб, қурол-яроғ омборларига ўт қўйиш ва Киевни қўллаб-қувватлашни сусайтиришга қаратилган бошқа ҳаракатлари билан Европа ҳудудида диверсия кампанияларини уюштириб келади. Бироқ корхоналарнинг директорларига суиқасд тайёрланаётгани тўғрисидаги ахборот ғарбликларга Кремл «соядаги уруш»да қанчаликка бориши мумкинлигини кўрсатиб берди, деб ёзади CNN. 

Rheinmetall концерни қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи Германиядаги энг йирик корхона ва Европадаги энг йирикларидан бири. Компания Германиянинг ҳам, иттифоқчиларнинг ҳам қуролли кучларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Rheinmetall Украинага критик муҳим ўқ-дорилар ва ҳарбий техникалар етказиб беради ва бу корхонани Европанинг етакчи мудофаа ташаббусларининг асосий иштирокчисига айлантиради ва Москванинг жиддий хавотирини ўйғотади.

Яқинда АҚШ сўнгги 10 йил ичида илк марта Европадаги ҳарбий базаларини юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтиргани маълум бўлди. Бунга Пентагон томонидан Россия АҚШ ҳарбий объектларида терактлар ташкил қилишни режалаштираётгани тўғрисидаги маълумотлар сабаб бўлган. Америка разведкасидагилар АҚШ ҳарбий базасига режалаштиришган ҳужумлар Москванинг бутун Европа бўйлаб ўтказишни мўлжаллаётган диверсия кампаниясининг бир қисми эканини таъкидлашган.

Сўнгги ойлар ичида бир қатор Европа давлатларида содир бўлган ҳодисаларни маҳаллий ҳукуматлар Россия агентурасининг фаоллашуви билан боғлашмоқда. Апрел ойи охирида Украина учун мўлжалланган ҳарбий ёрдам омборига ўт қўйганликда айбланиб икки киши ҳибсга олинган. Лондондагилар булар РФ буйруғига кўра ҳаракат қилган агентларнинг иши деб ҳисобламоқда. Швецияда «чет эл» томонидан амалга оширилган темирйўл авариялари серияси бўлиб ўтган. Чехия темирйўлларида ҳам Россия агентлари сигнал тизимини ишдан чиқаришга ҳаракат қилишган.

Баҳорда Германияда Украинага етказиш мўлжалланган юклар сақланаётган омборга ўт қўйишга тайёргарликда айбланиб, Россия ва ГФР фуқаролари ҳибсга олинган. Эстония махсус хизматлари эса қишда Россия разведкаси ходимлари ички ишлар вазири, бошқа сиёсатчилар ва журналистларнинг автомобилига вандалларча муносабатда бўлганини таъкидлаган. Франция Мудофаа вазирлиги 2024 йилда мамлакат ичидаги ҳарбий объектларда диверсия хавфи ортишидан огоҳлантирган.

Май ойида Европа Иттифоқи давлатлари махсус хизматлари Россия томонидан Европа ҳудудида диверсиялар тайёрланаётгани тўғрисида огоҳлантирган эди. Уларнинг маълумотларига кўра, Москва ўз агентлари ва ишончли кишилари ёрдамида портлашлар, ўт қўйишлар ва Европа инфратузилмасига зиён етказиш ишларини тайёрламоқда. Бу ҳолатда улар тинч аҳоли ўртасидаги эҳтимолли қурбонлар ҳақида мутлақо ўйлашаётгани йўқ. ЕИга аъзо уч давлат вакиллари Россия махсус хизматлари аввал ҳам шундай операцияларни ўтказгани, энди улар келишилган ҳолда ва тажовузкорроқ ҳаракат қилишга тайёрлигини билдиришган.

Ғарблик айрим мулозимлар Россиянинг диверсия кампанияси Шарқий Европада йирик қуролланган можарогача кенгайиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда, деб қайд этади CNN.

Мавзуга оид