Киевда одамларни заҳарлаб ўлдирган оила – СССРда ўлим жазоси берилган аёл ким эди?
1987 йилда Киевдаги мактабда уч ўқувчи ва 10 нафар ўқитувчи заҳарланади. Икки бола ва икки ўқитувчи вафот этади. Қолганлар жонлантириш бўлимига ётқизилади. Шифокорлар аввалига беморлар ичак инфекцияси туфайли заҳарланган деб ўйлашади. Текширувларда уларнинг танасида заҳарли модда борлиги аниқланади. Беморларни буфетда идиш ювувчи бўлиб ишлайдиган аёл заҳарлагани ойдинлашади.
Бугун СССР даври ҳақида гап кетганда айримлар “жиноятчилик йўқ эди, одамлар фаровон яшарди” дейишади. Одамларнинг қанчалик “фаровон” яшагани бу алоҳида мавзу. “СССРда жиноятчилик йўқ эди” деган гап эса мутлақо ёлғон.
Маъмурий буйруқбозлик ва зўравонлик устига қурилган бу давлатда ҳар йили кўплаб оғир жиноятлар содир этиларди. Бироқ бу ҳақда ҳеч қаерда хабар берилмас, улар оммадан яшириларди.
Одамларга “СССРда одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти, гиёҳвандлик, жиноятчилик умуман йўқ” деб уқтириларди. Аслида эса гиёҳвандлик ҳам бор эди, жиноятчилик ҳам.
Ҳатто кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятлар ҳам содир этиларди. Масалан, 1980-йиллар бошида жиноий гуруҳ кўплаб уруш фахрийларини ўлдириб, қимматбаҳо орден ва медалларини олиб кетганда бу иш ҳам бошқа жиноятлар каби одамлардан сир тутилади.
Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз Киевдаги мактабда ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг заҳарланиши ҳодисаси ҳам СССР тарқаб кетгандан сўнг оммага ошкор бўлган. Унгача бу фожиа ҳақида унинг иштирокчилари ва уларнинг яқинларидан бошқа ҳеч ким билмаган.
Ўшанда мактаб ошхонасида идиш ювувчи бўлиб ишлаган аёл, унинг синглиси ва ота-онаси кўплаб одамларни заҳарлашган, уларнинг бир қисми ҳалок бўлганди.
Ҳодиса тафсилоти
1987 йил 17-18 март кунлари Киевнинг Минск районида жойлашган 16-мактабда 13 киши заҳарланади. Уларнинг 3 нафари ўқувчилар, 10 нафари ўқитувчилар эди.
Заҳарланганлар дарҳол шифохонага олиб борилади. У ерда икки нафар ўқувчи ва икки нафар ўқитувчи вафот этади. Қолганлар жонлантириш бўлимига ётқизилади.
Шифокорлар аввалига беморлар қаттиқ грипп бўлган ёки ичак инфекциясидан заҳарланган деб тахмин қилишади. Бироқ бир неча кундан сўнг беморларнинг сочи тўкила бошлайди.
Шифокорлар уларни қайта текширувдан ўтказишганда болалар ва ўқитувчилар заҳарлангани ойдинлашади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ходимлари томонидан суриштирув ишлари ва тергов бошлаб юборилади.
Тирик қолганлардан кўрсатма олинганда улар 16 март куни тушликда мактаб ошхонасида овқатлангандан сўнг ўзларини ёмон ҳис қила бошлашганини айтиб беришади.
Тергов гуруҳи мактаб ошхонасида тозалик ва сифатга жавобгар шахсни сўроқ қилмоқчи бўлганида тиббий ходим Наталя Кукаренко оммавий заҳарланишдан икки ҳафта олдин вафот этгани ойдинлашади.
Терговчиларни Наталянинг ўлими ҳам шубҳалантиради. Тиббий хулосада унинг ўлимига юрак етишмовчилиги сабаб бўлгани ёзилган бўлса ҳам терговчилар унинг жасадини қайта текшириб кўришга қарор қилишади.
Қайта текширувларда Наталянинг танасидан оғир заҳарли металл – Таллий моддаси асоратлари топилади. Шундан сўнг милиция мактаб ошхонасига алоқадор барчани – ошпазлар, фаррошлар ва идиш ювувчи аёлни сўроқ қилади. Уларнинг уйларида тинтув ўтказади.
Мактаб ошхонасида идиш ювувчи бўлиб ишлайдиган Тамара Иванютинанинг уйи тинтув қилинганда у ерда ичида номаълум суюқлик бўлган идиш топилади. Суюқлик текшириб кўрилганда фанда “Клеричи аралашмаси” деб аталадиган Таллий моддаси ва сув аралашмаси экани аниқланади. Аёл дарҳол ҳибсга олинади.
Тергов ва бошқа жиноятлар
Хўш, аёл анча ноёб бўлган заҳарли моддани қаердан олганди? Тергов давомида Тамара заҳарли моддани геология институтида ишлайдиган оилавий танишидан олгани аниқланади.
Шундан сўнг терговчилар Тамаранинг синглиси Нина Мацибора, онаси Мария Масленко ва отаси Антон Масленко ҳам сўроқ қилишади. Маълум бўлишича, бу оила ўша танишидан аввал ҳам бир неча марта Таллий моддасини олган экан.
Геология институтидаги аёлни сўроқ қилишганда у сўнгги 15 йилда Тамара ва унинг оиласидагиларга камида 10 марта Таллий моддасини берганини айтади. Аёл Тамара ва унинг яқинлари заҳарли моддани каламушларни йўқ қилиш учун сўрашганини айтади.
Тергов давомида Тамара ва унинг оиласидагилар заҳарли моддани дастлабки йилларда каламушларни йўқ қилиш учун ишлатганини, кейин эса уни одамлардан ўч олиш қўллашганини айтишади.
Мактабда содир бўлган оммавий заҳарланишгача ҳеч ким Тамара ва унинг оиласидан шубҳаланмаган.
Тамара энг биринчи узоқ масофаларга юк машинаси ҳайдайдиган эрини заҳарлайди. 1976 йилда аёл эрини шунчаки унинг номида бўлган квартирани ўзлаштириш учун заҳарлаб ўлдиради.
Эри ўлгач Тамара яна турмушга чиқади. Бу сафар у иккинчи эри Олегга қўшиб унинг ота-онасини (қайнона ва қайнотасини) ҳам заҳарлайди. Аёлнинг мақсади уларга тегишли ҳовлини эгаллаб олиш бўлган.
Шундан сўнг Тамара иккинчи эридан қолган катта ҳовлида яшай бошлайди. Аёл ҳовлида чорва моллари боқади ва уларга пўчоқ ва бошқа озуқалар етказиб туриш учун мактаб ошхонасига идиш ювувчи бўлиб жойлашади.
Тамара мактабга ишга келгач бу ерда ўзи билан уришиб қолган партия ташкилотчиси (парторг)ни, кейинроқ химия ўқитувчисини заҳарлайди. Парторг вафот этади, химия ўқитувчиси тирик қолади.
Тамара химия ўқитувчисини заҳарламоқчи бўлиб унинг овқатига Клеричи аралашмасидан қўшади. Бироқ у овқатини ошхонада ўтирган икки ўқувчи билан бирга тановул қилади.
Бир кишининг овқатини уч киши бўлишиб егани учун доза пастроқ бўлади ва шу сабабли ўқитувчи ҳамда икки ўқувчи тирик қолишади.
Тергов давомида Тамаранинг синглиси Нина Мацибора ҳам эрини заҳарлаб ўлдиргани ошкор бўлади. Нина ёши ўзидан анча катта бўлган эрини ўлдириб, унинг Киев марказидаги квартирасини эгаллаб олганди.
Тамаранинг ота-онаси ҳам бу ишдан четда қолишмайди ва улар қўшнини заҳарлаб ўлдиришади. Қўшни уларга тунда телевизорни овозини баланд қилиб қўйавергани учун ёқмай қолганди.
Бу орада Тамара мактабда ўзи билан келишмовчиликка борган ошхона назоратчисини ва яна бир неча кишини заҳарлайди.
Энг охирида у мактаб ўқувчиларини заҳарлашга қарор қилади. Тамара ўқувчиларга овқатланиб бўлгач, стол-стулни тартибга келтириб кетишни айтганда улар аёлни масхара қилиб чиқиб кетишганди.
Аёл бир неча нафар ўқувчини заҳарламоқчи бўлади ва уларга бериладиган овқатга заҳар қўшади. Бироқ ўша пайтда ошхонага ўқитувчилар ҳам кириб қолишади. Тамара уларга ҳам заҳар қўшилган овқатдан сузиб беришга мажбур бўлади.
Шу тариқа яна 13 киши – уч нафар ўқувчи, 10 нафар ўқитувчи заҳарланади. Уларнинг тўрт нафари шифохонада вафот этади.
Суд ва олий жазо
Терговчилар терговни тугатиб ишни судга оширишади. Айбланувчилар 45 ёшли Тамара Иванютина, унинг 42 ёшли синглиси Нина Мацибора, 79 ёшли отаси Антон Масленко, 77 ёшли онаси Мария Масленко устидан суд бошланади.
Судда айбланувчилар 11 йил давомида Таллий моддаси қўшиб тайёрланган Клеричи аралашмаси ёрдамида кўплаб одамларни заҳарлаб ўлдиришгани исботланади.
Умумий ҳисобда Тамара, унинг синглиси ва ота-онаси 40 нафар одамни заҳарлашгани, уларнинг 13 нафари ҳалок бўлгани аниқланади. Жабрланувчиларнинг 29 нафарини Тамара заҳарлаган ва уларнинг 9 нафари вафот этган бўлиб чиқади.
Суд жараёни бир йил давом этади. Тамара сўнгги сўзида ўз айбларини мутлақо тан олмайди ва тирик қолган жабрланувчилардан ҳамда ўлганларнинг қариндошларидан кечирим сўрашни хоҳламайди.
Суд Тамара Иванютинани олий жазо – ўлимга ҳукм қилади. Ҳукм отиб ўлдириш йўли билан ижро этилиши белгиланади. Тамаранинг синглиси Нина Мацибора 15 йил, отаси Антон Масленко 10 йил ва онаси Мария Масленко 13 йил қамоқ жазоси олишади.
Тамара суд ҳукмидан норози бўлиб аппеляция беради. Бироқ юқори суд инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдиради. Кейинги суд жараёни ҳам яна бир йил чўзилгани учун ҳукмни ижро этиш кечикиб кетади ва Тамарани 1990 йил 6 декабр куни отиб ўлдиришади.
Унинг синглиси Нина 15 йил қамоқ муддатини тўлиқ ўтаб, 2002 йилда озодликка чиқади (унинг кейинги тақдири номаълум). Тамаранинг ота-онаси қамоқдалигида вафот этади.
Тамара ва унинг оила аъзолари содир этган жиноят яширилади. Жиноят, суд жараёни ва ҳукм ҳақида ҳеч қаерда хабар берилмайди. Бу жиноий иш тафсилотлари ҳам бошқалари каби СССР парчаланиб кетгандан сўнг оммага ошкор бўлади.
Маълумот учун, СССРда Иккинчи жаҳон урушидан кейин уч нафар аёл ўлим жазосига ҳукм қилинган:
- Тамара Иванютина - қотилликлар учун;
- Берта Бородкина – Геленжик партиянинг юқори лавозимли амалдорлари учун яширин фоҳишахоналар ташкил этгани ва давлатнинг жуда катта пулларини ўзлаштиргани учун:
- Антонина Макарова-Гинзбург – иккинчи жаҳон уруши пайтида немисларга сотилгани ва кейин узоқ йиллар давомида фамилиясини ўзгартириб, жазодан қочиб юргани учун.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
08:31 / 21.11.2024
РФ ҳужуми таҳдиди туфайли Киевдаги бир қанча элчихоналар ёпилди
14:41 / 20.11.2024
ЕИ давлатлари АҚШ ёрдами қисқарса ҳам Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр
12:17 / 13.11.2024