Ўзбекистон | 21:41 / 16.07.2024
4863
5 дақиқада ўқилади

16 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Қирғизистонга жўнатилган инсонпарварлик ёрдами, Термизда ташкил қилинадиган янги университет, Ўзбекистон фуқаролари учун виза талабларини бекор қилган Таиланд ва UzAuto Motors танловидаги коррупцион ҳолат — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами

Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара божхона постида ўнлаб юк машиналарида Ўзбекистон президенти номидан Ўзбекистон халқидан Қирғизистон халқига инсонпарварлик ёрдамлари юборилди.

Инсонпарварлик карвонини Андижон вилояти ҳокими ва қатор мутасаддилар кузатиб қўйган.

Маълумот учун: 2024 йил 14 июл куни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида тоғ ва адирликларида кучли жала ёғиши оқибатида сел тошқинлари содир бўлди.

Янги олий ўқув юртлари

Президент Шавкат Мирзиёев давлат олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари, олий таълим тизимида сифатни ошириш ва халқаро ўқув дастурларини татбиқ этишга оид ҳисобот билан танишди.

Бу йил 805 минг абитуриент олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонларида иштирок этаётгани қайд этилди.

20 июн куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бу соҳадаги олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш вазифаси қўйилган эди.

Айни пайтда Сурхондарёдаги Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтларини йириклаштириш орқали Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Янги университетда Илғор муҳандислик мактаби ташкил этилади. Унга билими юқори талабалар танлов асосида олиниб, амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитилади.

Ўзбекистон президентининг 2023 йил сентябр ойида АҚШга ташрифи чоғида таълим соҳаси бўйича ҳам келишувларга эришилган эди. Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университети очилиши кутилмоқда.

Унинг фаолияти 2024/25 ўқув йилидан бошланади. Университетда муҳандислик, архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва молия, халқаро муносабатлар соҳалари учун кадрлар тайёрланади. Битирувчиларга АҚШда тан олинадиган ҳамкор хорижий университетнинг дипломи берилади.

Тадбиркорларга субсидияларнинг янги тури

Тадбиркорларга айрим турдаги субсидиялар проактив шаклда ажратилади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларига айрим турдаги субсидияларни проактив шаклда ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Лойиҳада қайд этилишича, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга, маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия уларнинг мурожаатисиз, соддалаштирилган тартибда ажратилади.

Уй интернети қамрови ошмоқда

Ўзбекистонда ўз уйида интернетдан фойдаланаётганлар улуши ошгани маълум қилинди. Статистика агентлигининг уй хўжаликлари танланма кузатувлари маълумотларига асосан, 2024 йилнинг январ-июн ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 10 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг ўз уйида интернетдан фойдаланаётганлар улуши 79,2 фоизни ташкил этди.

Маълумот учун: бу кўрсаткич 2021 йилда 49,9 фоизни; 2022 йилда – 59,6 фоизни; 2023 йилда – 67 фоизни ташкил этган.

Таиландга виза талаб этилмайдиган бўлди

Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун расман визасиз режимни жорий қилди: 2024 йил 15 июлдан Ўзбекистон фуқаролари ушбу давлатда 60 кунгача визасиз бўлишлари мумкин.

Бунгача Ўзбекистон фуқаролари аэропортга келганларида 60 АҚШ доллари эвазига 15 кунлик туристик виза олишлари мумкин эди.

“Дунё” ахборот агентлигининг маълум қилишича, муқаддам Таиландга фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар сони 57 та эди. Рўйхатга янги киритилган 36 та давлат қаторида Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам бор.

Янги тартиб барча чегара постлари орқали Таиландга ташриф буюрувчилар учун амал қилади. Ўз навбатида, мазкур тартиб Таиланд ҳукумати томонидан иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида бир томонлама жорий этилди ва маълум муддатдан сўнг бекор қилиниши ҳам мумкин.

UzAuto Motors танловидаги коррупцион ҳолат

“UzAuto Motors” АЖ томонидан 2024 йил 8 июл куни ўтказилган 1,3 млрд сўмлик давлат харидида яқин қариндошларга тегишли компаниялар иштирок этиб, ғолиб бўлди.

“Nexia-2” автомобилларининг эшиги учун бутловчи қисмлар етказиб бериш бўйича 1,3 млрд сўмлик давлат хариди яқин қариндошларга тегишли иккита компания иштирокида ўтган. Улардан бири ғолиб, иккинчиси захира ғолиби деб топилган. Бу ҳақда интернетда берилган маълумотни Аксилкоррупция агентлиги тасдиқлаб, ишни прокуратурага оширди.

Агентликка кўра, харид комиссияси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор талабларини бузган, шу сабабли буюртмачига харид натижаларини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.

“Ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар айбдор шахсларга қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилди”, дейилади расмий ахборотда.

Мавзуга оид