Жамият | 16:18 / 16.07.2024
14002
3 дақиқада ўқилади

«Detektiv Uz» YouTube-канали муаллифи Шерали Комилов қўлга олинди

У Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудида ушланган. Комилов 2023 йилнинг август ойида фирибгарлик жиноятида гумонланиб қидирувга берилганди.

Фото: Facebook / Абдураҳмон Ташанов

«Detektiv Uz» YouTube-канали муаллифи Шерали Комилов қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, Шерали Комилов 15 июл куни соат 17:00лар атрофида Қибрай туманининг Дўрмон аҳоли пунктида қўлга олинган. Шерали Комилов аввалига Қибрай тумани ИИБга, сўнгра ИИВнинг 1-сонли тергов изоляторига олиб кетилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов бу маълумотни тасдиқлади. Унинг Kun.uz’га маълум қилишича, Шерали Комилов муқаддам, 2011 йилда Жиноят кодексининг 165-моддаси ва 2022 йилда 168-модда 3-қисми “б” банди билан судланган бўлиб, тузалиш йўлига ўтмасдан, ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттирган.

Жумладан, у 2021 йилнинг 6 июн куни фуқаро Ш.С.га ўзини мустақил журналист ва блогер, деб таништириб, аёлнинг 1999 йилда туғилган ўғли Ш.А.га нисбатан ЖИБ Косон туман судининг ҳукмини ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилиб, сунъий шов-шув кўтарган. Бу орқали суднинг кейинги инстанция қарорларига таъсир ўтказиб, жазони енгиллаштириб беришни ваъда қилган ҳамда жабрланувчидан 5 млн сўм миқдорда пул ундириб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

2021 йилнинг 17 декабр куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида фуқаро С.Г.нинг ишончига кириб, собиқ турмуш ўртоғи қарз бўлиб қолган маълум миқдордаги алимент пулини ундириб беришни ваъда қилган ҳамда ундан алдов йўли билан 5 млн сўм олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган. 2021 йилнинг декабр ойида фуқаро Қ.Х.нинг уй-жой билан боғлиқ муаммоли масаласини ҳал этиб беришни ваъда қилган ҳолда ундан алдов йўли орқали 3 млн сўм ҳамда 300 АҚШ доллари ундириб, ўзига сарфлаган.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 19 декабр куни ижтимоий тармоқлар орқали Қарши шаҳар 5-сон тергов ҳибсхонаси ходими М.А. ва Қарши шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ходими Б.Б.ни шаъни ва қадр қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

1979 йилда Қашқадарё вилояти Китоб тумани Қайнар қишлоғида туғилган Шерали Комилов «Detektiv Uz» YouTube-канали муаллифи ҳисобланади. У 2023 йилнинг август ойида қидрувга берилганди.

Комиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда 3-қисми «б» банди билан айблов эълон қилинган. Бу модда ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятини назарда тутади ва 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, унга 140-модда 3-қисмининг «а» банди билан айблов эълон қилинган. Бу жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш жиноятини назарда тутади.

Мавзуга оид