Ўзбекистон | 21:28 / 17.07.2024
5807
6 дақиқада ўқилади

17 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ҳукумат таркибига ўтказилаётган қурилиш инспекцияси, ишдан олинган 10 ҳоким, туризм соҳасида 3 йиллик олий таълим, қабул қилинаётган Тадбиркорлик кодекси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Қурилиш инспекцияси ҳукумат таркибига ўтказилади

Бугун президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қурилиш инспекцияси фаолиятини жонлантириш зарурлиги қайд этилди.

Ўтган бир ярим йилда экспертизаси йўқ 2,2 минг объект қурилишига асоссиз рухсат берилган. Ўтган йил рўйхатдан ўтказилмасдан қурилиши бошланган 1,6 мингта объект аниқланган.

Шу боис, ушбу инспекция ҳукумат таркибига ўтказилиши ва ваколатлари кенгайтирилиши белгиланди.

Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бундай ҳолатларни аниқлаш учун Қурилиш инспекциясининг техник воситалар, шу жумладан дронлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.

Қурилиш вазири лавозимидан кетди

Президент томонидан ўтказилган видеоселекторда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров соғлиги туфайли лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

2018 йилнинг апрелидан буён Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири сифатида ишлаб келаётган Ботир Зокиров соғлиги туфайли лавозимидан озод этилган.

Шерзод Ҳидоятов 2021 йил январида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири этиб тайинланган, 2023 йил январида ушбу вазирлик қурилиш вазирлигига қўшилгач, вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб қолганди.

9 та туман ва бир шаҳар ҳокими ишдан олинди

Президент раислигидаги видеоселекторда 9 та туман, бир шаҳар ҳокимлари ишдан олинди, 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди.

«Ютуқларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Дунёдаги оғир шароитга қарамасдан барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришяпмиз », деди давлат раҳбари.

Бунга муносиб ҳисса қўшаётган тармоқ, вилоят ва туманларга, тадбиркорларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Шу билан бирга, фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш, Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимларини ишдан олиш бўйича Бош вазир Абулла Ариповнинг таклифи қўллаб-қувватланди.

Мобил интернет тезлиги рейтингида юқорилаш

Ўзбекистон мобил интернет тезлиги рейтингида ўтган ойда 12 поғона кўтарилди. Айни пайтда бу борада Ўзбекистон 108 давлат ичида 77-ўринда бормоқда. Ўзбекистонда мобил интернетнинг ўртача тезлиги сониясига 30 Мбитни ташкил этмоқда. Симли интернет тезлиги борасида Ўзбекистон ўртача 65 Мбит/секунд тезлик билан 83-ўриндан жой олган.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича 2020 йилга нисбатан 56 поғона кўтарилган.

“Яъни аҳоли ўсиши ва нархлар сақланган ҳолда кўпроқ мобил интернетга эга тарифлар кўпайиб, тармоққа талаб кундан кунга ортишига қарамай, ўртача тезликни ошириш бўйича операторлар рейтингдаги бошқа кўпгина давлатлардагидан кўра кўпроқ ҳаракат қилмоқда. Албатта бу ҳали етарли эмас, интернет тезлиги ва сифатини ошириш бўйича операторларимиз янада кўпроқ ҳаракат қилишлари зарур”, деб ёзади Шерзод Шерматов.

Туризм соҳасида олий таълим 4 йилликдан 3 йилликка ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев 16 июл куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Туризм соҳасидаги тадбиркорлар учун қатор енгилликлар ҳам назарда тутилмоқда. Улар орасида автобус ва микроавтобусларни божхона божидан озод этиш, туроператор ва ҳунармандларнинг халқаро ярмаркалардаги харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш каби чоралар бор.

Соҳа учун мутахассислар тайёрлаш масаласи ҳам муҳим. Келаётган ўқув йилидан бошлаб, бу борада ҳам қатор янгиликлар мўлжалланмоқда.

Жумладан, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳасида ўқув дастурлари жаҳон рейтингида биринчи 100 таликка кирувчи таълим муассасалари тажрибаси асосида такомиллаштирилади. Бу соҳада олий таълим 4 йилликдан 3 йилликка ўтказилади. Талабаларга бир вақтнинг ўзида ихтисослиги бўйича ишлаб, касбий кўникмаларини бевосита иш жойларида ривожлантириш имконияти яратилади.

Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Урганч давлат университетлари, Шарқшунослик, Жаҳон тиллари ва “Ипак йўли” олийгоҳларида гидларни тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Тадбиркорлик кодекси қабул қилинмоқда

Парламент мажлисида “Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тадбиркорлик кодекси лойиҳасига тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳужжат билан тартибга солиш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда. Ҳозиргача амалда тоифа сифатида фақат кичик тадбиркорлик субъекти мавжуд.

Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари кўзда тутилмоқда. 39 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва Бизнес омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур кодексга илова сифатида тасдиқланиб, рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши таклиф этилмоқда.

Кодекс лойиҳасида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилиши билан мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

Мавзуга оид